Шу мавзуда бугун куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Тошкент Давлат юридик университети вакиллари, Ўзбекистон Нотариал палатаси раҳбар ва мутахассислари ҳамда нотариуслар иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти директори ўринбосари Восиджон Эргашев ва Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров олиб борган давра суҳбатида иштирокчилар Ўзбекистонда амалдаги ворислик ҳуқуқи йўналишида мавжуд камчиликлар, уларни бартараф этиш йўллари, шунингдек, қонунчилик соҳасига шиддат билан кириб келаётган рақамлаштириш ва ислоҳотлар, ижтимоий тармоқлар ривожланиб бориши туфайли янгидан-янги мерос турлари ва ҳуқуқи пайдо бўлаётгани ҳақида сўзладилар. Профессор Нурилла Имомов “Facebook”, “Instagram”, “Youtube” ва бошқа ижтимоий тармоқларда мерос қолиши мумкин бўлган электрон мерос турлари, уларга келажакда мерос ҳуқуқини бериш ва нотариал тасдиқлаш ҳақида сўз юритди.

- Ворислик ҳуқуқи бўйича Адлия вазирлиги ва Нотариал палата томонидан тизимли тарғибот-ташвиқот тадбирлари олиб борилмоқда. Айтиш жоизки, 9 ойда нотариуслар томонидан амалга оширилган 182000 та мерос ишларидан атиги 50 таси ҳақиқий эмас деб топилган, бу ҳаттоки жами мерос ишининг 1 фоизи ҳам эмас. Шу 50 та мерос иши ҳам фуқароларимиз томонидан меросхўрларни яшириш ва бошқа шу каби ҳаракатлар туфайли бекор қилинган. Бу нотариусларимизнинг тажриба ва маҳорати юксаклигидан дарак беради. Албатта, мутахассисларимиз ва нотариусларнинг ўзлари ворислик ҳуқуқи бўйича хорижий тажрибаларни ўрганиб, қонунчиликни такомиллаштириш борасида таклифларини беришмоқда, бу эса соҳада ислоҳ қилиниши керак бўлган камчиликларни бартараф этишга ёрдам беради, - дейди Маъсум Ҳатамов.
Давра суҳбати жуда сермазмун ўтди. Унда қонунчиликни такомиллаштириш учун бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

ЎзА