Бугун, 2 август куни мамлакатимизда волейбол бўйича ўсмирлар терма жамоалари иштирокида давом этаётган жаҳон чемпионатининг ярим финалида Польша Испанияга, Франция эса Эронга қарши баҳс олиб боради.
Ўзбекистон U19 терма жамоаси дунёнинг энг кучли жамоаларидан бири бўлган Бразилия терма жамоасига 9-16-ўринлар учун курашда 1:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
Бугун мамлакатимиз ёш волейболчилари 13-16-ўринлар учун кечадиган баҳсда Япония жамоаси қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.

Бугун кун давомида пойтахтимиздаги “Юнусобод" спорт мажмуасида 5-8-ўринлар учун Жанубий Корея – Болгария ва Италия – Финляндия, ярим финалчилар Польша- Испания ва Франция – Эрон жамоалари куч синашади.

Чирчиқдаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мажмуасида 13-16-ўринлар учун Покистон – АҚШ, Ўзбекистон-Япония, 19-20-ўринлар учун Туркия – Колумбия, 9-12-ўринлар учун Хитой – Аргентина, Бразилия – Бельгия, 23-24-ўринлар учун Жазоир – Канада, 21-22-ўринлар учун Тунис - Миср, 17-18-ўринлар учун Куба - Пуэрто Рико қарама-қаршилигидаги ўйинлар бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатининг финал мусобақалари эртага ўтказилади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА