Бухоро вилояти Вобкент тумани тиббиёт бирлашмасининг марказий касалхонаси негизида туманлараро гемодиализ бўлими ташкил қилинди.
Мазкур бино инвестиция дастури асосида тўлиқ таъмирланди. Германия давлатидан умумий қиймати 18 минг Еврога тенг бўлган 5 та замонавий гемодиализ асбоб-ускуналари билан жиҳозланди.
Бу Вобкент, Пешку, Шофиркон ва Ғиждувон туманлари аҳолисига ихтисослаштирилган нефрология ва гемодиализ бўйича малакали тиббий хизмат кўрсатишга хизмат қилади. Туман тиббиёт бирлашмаси негизида ташкил этилган Бухоро Давлат тиббиёт институти “Оилавий шифокорлар тайёрлаш” факультетининг ҳудудий филиали талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу кафедра биноси тўлиқ таълим стандартларига мос равишда таъмирланди. Барча ўқув хоналари компьютер жамланмалари билан таъминланди. Бу орқали олий таълим муассасаси талабаларининг назария билан бирга амалиётни ўташларига кенг имконият яратилди.
Бугунги кунда Вобкент туманида 139 минг 436 нафар аҳоли яшайди. Шундан катталар 96 минг 556 нафарни ва болалар 42 минг 880 нафарни ташкил этади. Туман аҳолисига туман тиббиёт бирлашмаси ва унга қарашли 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 6 та оилавий поликлиника, 10 та оилавий шифокорлик пункти бирламчи тиббий – санитария хизматини кўрсатади. Туманда жами 67 та тиббий бригадалар ташкил этилган. Уларнинг ҳар бирига оила шифокори ва ўрта тиббиёт ходимлари бириктирилган.
Мазкур тиббий бригадаларнинг самарали фаолият юритиши учун планшет, тиббий тарози, 1 ёшгача болаларни ўлчаш учун тарози, пульсоксиметр, глюкометр, танометр, фонендоскоп, сантиметрли лента, акушерлик стетоскопи, термометр, нафас тезлиги ва пульсни ўлчаш учун таймер, ҳомиладорлик муддатини ҳисоблаш учун калькулятор ва фонарча билан эҳтиёжга кўра таъминлаш бўйича туман ҳокимлиги томонидан тегишли чоралар кўрилмоқда.
Туманда 2020 йилнинг 18 декабрь ҳолатида 24 минг 991 та хонадон 93.4 %, 127 минг 699 нафар аҳоли 91.6% хатловдан ўтказилди.
Таянч гуруҳига кирувчи аҳоли хатловдан ўтганларнинг 49.2% (42 минг 696 нафар)ни, хавф гуруҳига кирган аҳоли эса 50.8 %(44155 нафар)ни ташкил қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА