Бугунги кунда тери билан боғлиқ муаммолар: тери касалликлари, тери рангининг ўзгариши, терида оқ доғларнинг пайдо бўлиши, тошмалар тошиши ва бошқа шунга ўхшаш касалликлар кўп учрайди. Витилиго касаллиги ҳам ана шулардан бири бўлиб, у айниқса, беморнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади, ижтимоий мавқеига, одамлар билан муносабатларига таъсир қилади.
Бунинг сабаблари нимада, тиббиётда бу каби муаммоларни тўлиқ бартараф этишнинг йўллари борми? Терининг ёрқинлигини, тиниқлигини, саломатлигини асраш учун нималарга эътибор қаратиш лозим? Мамлакатимизда бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Соҳага қаратилаётган эътибор қай даражада?
Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Улуғбек Собировга шу ва бошқа саволлар билан мурожаат қилдик.
– Ҳозирда кўп учраётган витилиго хасталигининг келиб чиқиш сабаблари ҳақида гапириб берсангиз.

– Витилиго терига ранг берувчи модда, яъни меланин етишмаслиги ҳисобига келиб чиқади. Ҳозирча бу касалликни келтириб чиқарувчи омиллар тўлиқ ўрганилмаган. Лекин касалликни ривожлантирувчи бир нечта назариялар мавжуд. Улар аутоиммун, неврологик, эндокрин, наслий ва атроф муҳит омилларидир. Аутоиммун назарияда организм ўз меланоцитларига (меланин ишлаб чиқарувчи ҳужайра) қарши ҳужум қилади. Неврологик жараёнда стресс ҳолатида танамиз катехоламинларни кўп миқдорда ишлаб чиқаради, бу эса ўз навбатида меланоцитларни зарарлайди. Генетик мойиллик ўз номи билан айтиб турибдики, витилиго билан касалланган инсонларнинг яқин оила аъзоларида 20-30 фоизгача витилиго касаллиги аниқланади. Эндокрин назарияда аутоиммун тиреодит (Хошимото) ва гипотиреоз витилиго билан касалланган инсонларнинг 20-30 фоиз ҳолатида учрайди. Бунда аутоиммун жараён нафақат қалқонсимон безни балки меланоцитларга ҳам шикаст етказади. Бунинг оқибатида терида депигмент ўчоқлар ҳосил бўлади.
Ҳаддан ташқари кўп миқдорда ультрабинафша нурларини қабул қилиш ҳам меланоцитларнинг зараланишига ва витилиго ривожланишига олиб келиши мумкин.
Масаланинг яна бир нозик жиҳати бор, у ҳам бўлса касалликка аниқ ташхис қўйиш жуда муҳим ҳисобланади. Бунда ҳозирги замонавий текширув усулларидан дерматоскопия, Вуд лампаси остида кўриш, гистологик текширувлар кенг қўлланилмоқда.
– Терисида оқ доғлар пайдо бўлган ҳар қандай бемор кўпроқ руҳий тушкунликка тушиб қолади. Негаки, кўпчиликда хасталикнинг давоси йўқ деган тушунча бор. Хўш, витилигодан бутунлай халос бўлишнинг имкони борми?
– Албатта бор. Бугун нафақат дунё миқёсида, кейинги саккиз йилда мамлакатимизда ҳам тиббиёт соҳаси мутлақо янги босқичга чиқди. Президентимиз бошчилигида соҳага алоҳида эътибор қаратилаётганини шу соҳани яхши биладиган шифокор сифатида эътироф этишим жоиз.
Айни пайтга келиб, ушбу хасталикни мутлақо асоратсиз ва оғриқсиз даволаш мумкин. Энг аҳамиятлиси, бунинг учун кўп маблағ сарфлаб Ҳиндистон ёки Европага бориш шарт эмас. Бир неча йиллардан бери Дерматовенерология марказида йўлга қўйилган янги лазер технологияси асосидаги жарроҳлик амалиётини ўтказиш билан бу инжиқ хасталикни батамом бартараф этишга эришиб келмоқдамиз. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, МДҲ давлатлари орасида айнан Ўзбекистонда илк бор витилигони жарроҳлик йўли билан даволашнинг йўлга қўйилгани мамлакатимизда тиббиёт соҳасида туб бурилиш бўлганининг исботидир.
Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказига АҚШнинг "Candella" компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Эрбиев лазер технологияси олиб келинган бўлиб, бу лазер ёрдамида теридаги доғ ва нуқсонларни мутлақо асоратсиз бартараф этиш имкони мавжуд.
Жарроҳлик амалиёти соғлом теридан меланоцитларни кўчириб ўтказиш, оқ доғларни чоксиз усулда даволашни назарда тутади. Энг муҳими, жараёнда бемор ҳеч қандай оғриқни сезмайди.
Мазкур лазер технологиялар дунё тиббиётида витилигони даволаш учун қўлланилаётган энг кучли, сифатли ва самарали даволаш усули ҳисобланади.
– Демак, касалликдан қутилишнинг бирдан бир йўли – жарроҳлик амалиёти. Шундайми?
– Йўқ ундай эмас. Беморларда витилиго ташхиси қўйилгандан кейин уни келтириб чиқарувчи сабаблари аниқланади ва ёндош мутахассислар билан бирга даво чоралари олиб борилади. Касалликнинг нотурғун (фаол) ёки турғун (доғлар пайдо бўлишдан тўхтаган) даврига қараб даволанилади. Оддий қилиб тушинтирадиган бўлсам, касалликни даволашга қанча эрта киришилса, жараён жарроҳлик амалиётигача етиб бормайди. Жарроҳлик усули бошқа даво чоралари самарасиз бўлгандагина қўлланилади.
Бир сўз билан айтганда, халқимизда “Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал” деган гап бор. Шундай экан биринчи навбатда, ҳар қандай касалликнинг олдини олиш чораларини кўришимиз керак. Бунинг йўли осон. Аввало, тўғри овқатланиш, шахсий гигиена, спорт билан мунтазам шуғулланиш, эмоцияга берилиб кучли стрессга тушмаслик. Ана шунда иммунитетимиз мустаҳкам бўлади. Бу эса ҳар қандай хасталикни енгишга ёрдам беради.
Моҳигул Қосимова, ЎзА