Ўзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиали талабаларига Венгрия Республикасида хизмат кўрсатган артист Агоч Гергей маҳорат дарсларини ўтди.
Сўнгги йилларида ўқув жараёни сифати ва савиясини тубдан яхшилаш, мусиқа санъати соҳасида жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасалари, ижодий марказлар, таниқли композитор, мусиқачи ва ижрочилар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, жумладан, хорижий мутахассисларни мамлакатимизга таклиф этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ёшларимизнинг дунёқараши, маънавий савияси ва эстетик тарбиясини юксалтириш мақсадида мусиқа санъатини ҳар томонлама ривожлантириш, бой мусиқий меросимизни чуқур ўрганиш, ёш авлодни миллий ва жаҳон мусиқа санъатининг мумтоз намуналарига муҳаббат руҳида тарбиялаш соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Венгриялик олимнинг мазкур ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, филиал ҳаёти билан яқиндан танишиш ҳамда маҳорат дарсларини олиб бориш мақсадида ташкил этилди. Меҳмон филиалда яратилган шароитларга юксак баҳо берди. Олим томонидан ўтилган маҳорат дарслари талабаларда катта қизиқиш уйғотди.
Маданий тадбирда филиалнинг камер ҳамда “Жайҳун” халқ чолғулари оркестрлари ва иқтидорли талаба-ёшлар томонидан жонли ижродаги концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири