Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 24 январда қабул қилинган “Жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ҳамда 2021 йил 5 ноябрдаги “2025 йилгача Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор соҳадаги ислоҳотларнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Ана шу муҳим ҳужжатлар ижроси доирасида жойларда амалга оширилаётган амалий ишлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, Жиззах вилоятида велоспорт тури сўнгги йилларда кенг оммалашиб, изчил ривожланиб бораётгани эътиборга молик.
Вилоят ҳокимлиги томонидан спортга қаратилаётган эътибор натижасида 2025 йилда ўтказилган Ўзбекистон чемпионати ва кубок мусобақаларида жиззахлик спортчилар муносиб иштирок этишди. Натижада улар 46 та олтин, 58 та кумуш ва 85 та бронза медални қўлга киритиб, вилоятимиз велоспорт ривожига муносиб ҳисса қўшишди.
[gallery-28237]
Спорт инфратузилмасини мустаҳкамлаш, айниқса, спортчилар учун зарур шарт-шароитларни яхшилаш борасида давлат ташаббуслари билан бир қаторда хусусий секторнинг ҳам фаол иштироки кузатилмоқда. Жумладан, DEYA компанияси ташаббуси билан Жиззах вилояти велоспорт бўлими ихтиёрига Damas автомобили топширилди.
Тантанали топшириш маросимида спорт соҳаси вакиллари, мураббийлар ҳамда ёш спортчилар иштирок этишиб, бу каби амалий кўмак спортчиларнинг машғулот жараёнларини янада самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Мутахассислар фикрича, бундай эътибор ва қўллаб-қувватлаш нафақат спортчиларнинг натижадорлигини оширади, балки ёшлар ўртасида велоспортга бўлган қизиқишни янада кучайтиради. Зеро, моддий-техник база қанчалик мустаҳкам бўлса, юксак натижаларга эришиш имконияти шунчалик ортиб боради.
Тадбир якунида вилоят спортчилари номидан компания раҳбариятига самимий миннатдорлик билдирилди. Бу эса давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги спорт тараққиётида муҳим ўрин тутаётганининг яна бир амалий ифодаси бўлди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари