Шу йил 15 майда давлатимиз раҳбарининг “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унда қатор вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш ҳамда аҳоли вакилларида экологик тафаккур ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида кўплаб тадбирлар, тарғибот ишлари ташкил этилмоқда. Жумладан, куни кеча Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси билан Фархонада Спорт вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ҳамда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Фарғона банк хизматлари офиси ҳамкорлигида “Табиат учун бирлашайлик!” шиори остида веломарафон бўлиб ўтди.

Веломарафоннинг очилиш маросимида Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши раиси ўринбосари Исломжон Қўчқоров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,партия фракцияси аъзоси Жавлонбек Абдуллаев, Фарғона вилоят ҳокими ўринбосари ва бошқалар сўз олиб, экологик маданиятни ошириш мақсадида ташкил этилган мазкур мусобақанинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратдилар. Бу каби тадбирлар ёшлар ва бутун жамият ўртасида экологик онгни кучайтириш, табиатга бўлган меҳр ва эътиборни ошириш йўлидаги улкан қадам эканини таъкидладилар.
Веломарафон Фарғона шаҳридаги Ал-Фарғоний кўчасидан старт олиб, Ислом Каримов номидаги театр ва концерт саройи майдонида якунланди. Тадбирда ёшлар, нуронийлар, ҳарбийлар, спортчилар ҳамда ҳаваскорлар фаол иштирок этди.

Веломарафон “Нуронийлар”, “Ёшлар”, “Параспортчилар”, “Ҳарбий хизматчилар”, “Ҳаваскорлар”, “Профессионал спортчилар” ҳамда “Аёллар” йўналишларида ўтказилди.
Республикамизнинг барча ҳудудларидан келган юртдошларимиз марафоннинг байрамона кайфиятда ва кўтаринки руҳда ўтказилишига муносиб ҳисса қўшди.
Бундай амалий тадбирлар аҳоли саломатлигига хизмат қилиш баробарида уларнинг экологик маданиятини оширади, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга замин бўлади.

Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА