Бир неча кундан буён ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳридаги хусусий клиникалардан бирида шифокорларнинг нотўғри муолажаси оқибатида вафот этган 13 ёшли спортчи боланинг ўлимига оид хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Яқинларининг айтишича, шифокорлар болага антибиотик бериб, уни ёлғиз ташлаб, операцияга кетишган.

Яна бир мурожаатчи аввал ушбу клиникада соғлом боланинг ангинасини олиш ўрнига қулоқ пардасини тешиб, мослама ўрнатиб қўйишганини айтган.
Умуман, хусусий тиббиёт муассасаларининг бу каби нотўғри муолажалари ва бунинг оқибатида юзага келган нохуш ҳолатлар ҳақидаги шов-шувларга, муҳокама ва эътирозларга, афсуски, тез-тез дуч келиняпти. Яқинда парламент қуйи палатасининг навбатдаги “Ҳукумат соати”да соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров соҳадаги коррупцион омилларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар тақдим этиб, депутатларнинг бу борадаги саволларига жавоб берди.
Муҳокамаларда депутат Сайдулло Азимов айнан хусусий тиббиёт муассасалари фаолияти билан боғлиқ саволни ўртага ташлади. Депутат қайд этганидек, хусусий клиникалар моддий манфаатдорлик мақсадида муассасага келган беморни тезроқ, қисқа фурсатда даволашни кўзлаб, энг кучли дори воситалари, гормонлар билан даволашни бошлайди. Аммо вақт ўтиб, бу дорилар ўзининг салбий асоратларини кўрсатади. Лекин одамларнинг кўз ўнгида ўша клиника беморни тез даволагандек кўринади ва рекламага ўхшаб қолади. Вазирлик ана шундай хусусий тиббиёт муассасаларида рецептларни ёзиш ҳамда даволаш методлари устидан назорат олиб боряптими? Халқ вакилининг саволига жавобан соғлиқни сақлаш вазири қуйидагиларни таъкидлади:
– Тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича вазирлик хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини лицензиялаганидан кейин Бизнес омбудсман рухсати билан текшириш ҳуқуқига эга. Қачонки, ҳуқуқ-тартибот органлари ёки аҳоли вакилларидан бирор клиника фаолияти устидан шикоят тушсагина текшира оламиз. Сервис ва жозибадорлиги жиҳатидан хусусий тиббиёт муассасалари жуда чиройли. Уларга ҳам давлат муассасаларида ишлаган профессионал мутахассислар жалб этилган. Вазирлик мамлакатимиздаги барча тоифадаги тиббиёт муассасалари учун дори воситаларини ишлатиш бўйича ягона стандарт протоколь чиқарган ва бунга давлат тиббиёт муассасаси ҳам, хусусий муассасалар ҳам амал қилишга мажбур. Фақатгина назорат механизмини такомиллаштириш лозим. Реанимация хизмати кўпчилик клиникаларда тўғри ташкил қилинмаган. Беморнинг аҳволи ўртача бўлганда хусусий клникаларда хизмат кўрсатиш яхши. Аммо оғирлашган ҳолатда давлат муассасасига ўтказишга тўғри келяпти. Нима учун давлат тиббиёт муассасалари хусусий клиникалар юзага келтирган асоратларни даволаши керак?! Тўғри, инсонийлик нуқтаи назардан беморга ёрдам кўрсатилади. Аммо бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритиш, назорат механизмларини қайта кўриб чиқиш керак, – деди вазир.
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда аҳоли саломатлигини асраш, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, хавфсиз дори воситалари билан таъминлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятига кенг йўл очиб берилмоқда. Аммо хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятида асосий мақсад тадбиркорлик эмас, балки инсон ҳаёти ва соғлиғи биринчи ўринда туриши керак. Аслида уларнинг фаолиятига кенг ўрин берилаётганидан кўзланган мақсад ҳам аҳолининг сифатли тиббий хизмат олиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат. Инсон саломатлиги устида сўз борар экан, вазир таъкидлаганидек, хусусий тиббиётда ҳам назорат механизмларини соддалаштириш мақсадга мувофиқ бўлади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА