Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Наманган шаҳрида жойлашган IT Park биносида фаолият юритаётган резидент компаниялар фаолияти билан яқиндан танишди. Вазир резидентлар фаолияти, уларнинг амалга ошираётган инновацион лойиҳалари, АТ хизматлари экспорти ва келгусидаги режаларини батафсил кўздан кечирди.
Вазир дастлаб “SiteLabs” МЧЖ корхонасида бўлди. Мазкур компания хорижий давлатларга эълонлар беришда аутсорсинг хизматларини кўрсатиб келмоқда. Корхона йил бошидан буён 300 минг АҚШ долларлик хизматларни экспорт қилишга эришиб, 74 нафар ёш мутахассисни иш билан таъминлади.

Мулоқотлар жараёнида, вазир ёшларнинг замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши ва халқаро майдонда рақобатбардош мутахассислар бўлиши учун барча зарур шароитларни яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида таъкидлади. Шу мақсадда келгусида янги иш ўринларини кўпайтиришда компания имкониятларини янада ошириш бўйича таклифлар билдирди.



Нигора Раҳмонова, ЎзА.