
Сурхондарё вилоятида кўклам нашидасидан қалблар ўзгача завқ, кўнгиллар ором олаётган шу кунларда маҳаллаларда бўлиб ўтаётган шодиёналар қатнашчиларнинг кўп миллатли Ватанимиздан фахрланиш туйғусини янада оширмоқда.
Бугун жанубдаги воҳанинг 30 га яқин маҳалласида бўлиб ўтган Наврўз умумхалқ байрамида ҳам барча миллат ва элат вакиллари киндик қони томган тинч, тўкин Ўзбекистонни улуғлади. Жумладан, тоғли Бойсун туманидаги Кўчкак маҳалласида ташкил этилган шодиёна “Миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик” шиори остида ўтказилди. Сариосиё туманидаги тоғлар қўйнида жойлашган Хонжиза маҳалласи аҳли эса байрамни “Дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган юрт” шиори билан нишонлади.


Мафтункор баҳор нафаси энди эса бошлаган ҳар иккала маҳалла шодиёнасида ҳам ўзбек ва тожик миллати вакиллари миллий урф-одат ва анъаналарини, аҳиллик ва қардошлик ришталарини, тоғли гўшаларидаги тинч, обод ва тўкин ҳаётни баралла тараннум этди. Ёш авлодни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, кексаларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган қизиқарли тадбирлар, миллий ҳунармандлик намуналари, қадимий буюмлар ва миллий таомлар кўргазмалари, қизиқарли халқ ўйинлари ҳамда спорт беллашувлари ташкил этилди.

Вилоятда аҳиллик ва баҳамжиҳатликда ўтказилаётган шарқона Янги йил байрами тадбирлари мамлакатимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари учун Ўзбекистон ягона Ватан эканини кенг намоён этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири