Ватан учун, миллат учун, халқ учун!
Ҳар инсоннинг ҳаётига, биродар –
Энг аввало уриб турган қалб керак!
Яна унга лозимдир уч ифода:
Ватан керак, миллат керак, халқ керак!
Дер: “яхшидан қолар фақат яхши ном”,
Топа олсанг чин ҳаётга мос йўллар.
Сен яхши бўл, борлиқни сев, вассалом:
Ватан қўллар, миллат қўллар, халқ қўллар!
Ҳатто қултум сув тотини билмаслар
Ватанидан айро бўлган ҳар инсон.
Ўзни тани, ўзлигингни бил дастлаб -
Ватан сенсан, миллат сенсан, халқ сенсан!
Сен дунёга уйғоқ назар солгин-да,
Қара, қанча ғалаён-у хавф турар!
Тинчлик учун байроқдор бўл, ортингда –
Ватан турар, миллат турар, халқ турар!
Ҳақиқат шул – олам бўлар гулистон,
Ҳар банданинг уйғоқ бўлса қалб кўзи.
То бор экан – юрак толмас уришдан –
“Ватан” сўзи, “миллат” сўзи, “халқ” сўзи!
Бу сўзларни ҳис қилмаслик зўр айбдир,
Тупроқ – номус, йигит учун, мард учун!
Бахш этмасанг, танангдаги жон ҳайфдир –
“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!”
Ориф ТЎХТАШ
2025 йил, 15 август