Вашингтонда жиноятчилик даражаси юзасидан баҳс кучайган бир пайт шаҳар кўчаларида АҚШ Миллий гвардияси хизматчилари пайдо бўлди.
Бу воқеа Дональд Трампнинг 800 нафар гвардиячи ва 500 федерал ҳуқуқ-тартибот ходимини пойтахтга юбориш, шаҳарни тўғридан-тўғри назоратга олиш ҳақидаги қароридан сўнг содир бўлди.
Мамлакат марказидаги туристик ҳудудлар ҳамда ҳукумат бинолари атрофида зирҳли техника ва қуролланган аскарлар жойлашди.

Трамп бу қадамни “жиноятчиликни жиловлаш” чораси сифатида изоҳлаган бўлса, Вашингтон мэри Мюриэль Баузер “авторитар босим” деб атади. Расман пойтахтда жиноят даражаси назорат остидалигини таъкидлаб, маҳаллий ҳокимият мустақиллигини ҳимоя қилишга чақирди.
Оқ уй маълумотига кўра, федерал агентлар биринчи кеча 23 кишини қўлга олган. Уларга қотиллик, қурол сақлаш, гиёҳванд модда савдоси, беодоблик, қуролли талончилик каби жиноий айблар қўйилган.

Расмий статистикада 2023 йил зўравонлик жинояти чўққисига чиққани, ўтган йил эса 35 фоиз камайгани айтилган. Шаҳар полиция иттифоқи эса бу рақамларни шубҳа остига олиб, “жиноятчиликни камайтириш ҳақида сохта тасаввур яратиляпти” дея танқид қилмоқда. Шу билан бирга тадқиқот пойтахтдаги қотиллик даражаси ҳамон АҚШдаги йирик шаҳарларга нисбатан юқорилигича қолаётганини кўрсатади.
Мусулмон Зиё, ЎзА