Андижон шаҳридаги “Универсал” спорт мажмуаси Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий, халқаро миқёсда тан олинган бокс устаси Владимир Алексеевич Золотарёв хотирасига бағишланган анъанавий халқаро бокс турнирига мезбонлик қилмоқда.
В.А.Золотарёв кўплаб авлод спортчиларини тайёрлаган, мамлакатимизда бокс спортининг ривожланишида муҳим ҳисса қўшган мутахассис сифатида эътироф этилади.
Мусобақада мамлакатимизнинг барча вилоятларидан, шунингдек, Австралия, Хитой, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон давлатларидан жами 100 дан ортиқ спортчи иштирок этмоқда.
[gallery-26207]
Беллашувлар давомида спортчилар ўз маҳоратини намойиш этиб, халқаро тажриба алмашиш имконига эга бўлади. Турнир жорий йилнинг 15 ноябрига қадар давом этади.
Бу каби халқаро мусобақалар ёш спортчилар учун ўз маҳоратини синаб кўриш, малакасини ошириш ва турли мамлакат вакиллари билан тажриба алмашиш имкониятини яратади. Шу билан бирга, мазкур турнирлар спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ёшларни спортга жалб этишда муҳим аҳамият касб этади.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари