Нукусда “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти томонидан сайёр қабул ташкил этилди.
Тадбирда акциядорлик жамият бошқаруви раисининг тижорат ва туризм бўйича ўринбосари Шуҳратилло Ядгаров, Маркетинг ва тижоратни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Мирсаидов ва бошқа мутахассислар йил бошидан буён амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида олиб борилаётган доимий акциялар тўғрисида батафсил маълумот берди. Шунингдек, йўловчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва кафолатлаш бўйича олиб борилаётган мақсадли ишлар ҳам қайд этилди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, авиапаркни тўлдириш, қатновларни тиклаш ва янги йўналишларни йўлга қўйиш яқин йиллардаги “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг асосий вазифаси ҳисобланади.
[gallery-23657]
Сайёр қабул давомида йўловчиларни қийнаётган муаммолар бўйича савол-жавоб тариқасида мулоқот қилиниб, аҳолининг мурожаатлари атрофлича ўрганиб чиқилди. Уларнинг аксарияти жойида ечимини топди. Қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича масъул раҳбар ва ходимларга тегишли топшириқлар берилди.
Учрашувда асосий эътибор йўловчиларни ташиш билан боғлиқ ва уларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш учун ҳал қилиниши керак бўлган масалаларни жойида кўриб чиқишга қаратилди. Бу охир-оқибат одамларнинг адолатга, эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Мақсад битта ҳар бир инсонни тинглаш, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилишдир.
Авиаташувлар бўйича агентлар, сайёҳлик ташкилотлари вакиллари жаҳон тажрибаси асосида такомиллаштиришни талаб қиладиган масалалар бўйича ўз қарашлари билан ўртоқлашдилар. Уларнинг фикр-таклифлари ўрганилиб, кейинчалик ишлаб чиқиш ва амалга ошириш белгиланди.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА