
«Тошкент» халқаро аэропортига LET L-410 русумли турбовинтли самолёт қўнди. Энди унда “Silk Avia” бренди остида маҳаллий парвозлар амалга оширилади.
“Uzbekistan Airways” авиакомпаниясидан маълум қилишларича, ишлаб чиқарувчи заводида парвоз характеристикалари текширилиб, муваффақиятли синов парвозлари амалга оширилганидан сўнг ҳаво кемаси Чехиянинг Куновице шаҳридан Тошкентга парвоз қилган. Парвоз давомида самолёт ёқилғи қуйиш учун оралиқ қўнишларни амалга оширган.
Ҳозирги пайтда учта худди шундай самолётда “Silk Aviа” авиакомпаниясининг мунтазам парвозлари амалга оширилмоқда. Улар Нукус – Муйноқ – Нукус, Тошкент – Шаҳрисабз – Тошкент ва Тошкент – Зомин – Тошкент йўналишлари бўйича парвоз қилмоқда.
- Бу самолётлар маълум ҳудудлар учун ишончли ва самарали парвозларни амалга ошира олишини кўрсатди ва чекка ҳудудларда мазкур транспорт туридан фойдаланилишини таъминлаб берди. Биз мамлакатимиз аҳолиси учун ҳаво қатновининг қулай ва арзонлигини таъминлаш орқали йўналишлар тармоғини янада кенгайтириш ниятидамиз, - дейди «Uzbekistan Airways» АЖ бошқарув раиси Шуҳрат Худойқулов.
LET L-410 русумли самолётлари 500 метргача бўлган қисқа масофага учиши ва қўна олиши туфайли ҳудудий парвозларни амалга ошириш учун жуда қулай. Улар ҳатто тупроқли учиш-қўниш йўлакларидан ҳам учиши ва қўниши мумкин. Бу русумдаги самолётлар Цельсий бўйича -50 дан +50 даражагача бўлган экстремал об-ҳаво ҳароратларига ҳам чидамли.
Тўртинчи LET L-410 самолёти зарур тадбирларни бажарганидан сўнг Silk Avia йўналиши доирасида мунтазам парвозларни амалга оширишга киришади.
“Uzbekistan Airways” авиакомпанияси ҳудудий ҳаво қатновларини халқаро хавфсизлик ва қулайлик стандартларига мувофиқ ривожлантиришга алоҳида эътибор берган ҳолда авиапаркни модернизация қилиш ишларини давом эттиради.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА