Молия вазирлиги Ахборот-ҳисоблаш маркази томонидан “UzASBO” дастурий мажмуасини ривожлантириш ва буджет ташкилотларига замонавий технологик хизматларни кўрсатиш учун шароитлар яратиш мақсадида Ахборот-ҳисоблаш маркази ва тўлов хизматини тақдим этувчи «Капитал банк» акциядорлик тижорат банкининг «Апельсин» тўлов тизими ўртасида ҳамкорлик қилиш йўллари ишлаб чиқилмоқда.
Шу ўринда “Ойлик мониторинг” хизматини (ойлик иш ҳақи бўйича электрон шаклда тўлиқ маълумотлар олиш хизмати) амалга ошириш бўйича хизматларни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, “UzASBO” дастурий мажмуаси орқали 2017 йилнинг апрель ойида йўлга қўйилган буджет ташкилоти ходимларининг ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларини ҳисобини мониторинг қилишга мўлжалланган Телеграм мессенжеридаги @oylikbot фаолияти ҳозирги вақтда ишлаб келмоқда.
2011 йилда ишга тушурилган “UzASBO” дастурий мажмуасида бугунги кунда 30 мингдан ортиқ буджет ташкилотлари рўйхатдан ўтган бўлиб, жами
3 миллиондан ортиқ буджет ташкилотлари ҳодимларига иш ҳақи бўйича хизматлар кўрсатиб келинмоқда.
Бундан ташқари, келгусида мазкур хизматлар рўйхатини янада кенгайтириб бориш ҳам кўзда тутилган бўлиб, аҳолидан буджет ташкилотларига тўловларни амалга ошириш белгиланган. Масалан, тиббиёт муассасаларида кўрсатилган тиббий хизматлар учун, олий ва профессионал таълим муассасалари контракт тўловлари учун ва мактабгача таълим ташкилотларида ота-оналар бадал тўловлари учун ҳамда бошқа хизматлар учун «Апельсин» тўлов хизматларини таклиф этиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, «Апельсин» тўлов тизими томонидан буджет ташкилотлари ходимларига микроқарзларни расмийлаштириш ва микрокредитларни бериш ишларини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Молия вазирлиги Ахборот-ҳисоблаш маркази ҳамда «Апельсин» тўлов тизими билан самарали ҳамкорлик қилиш масалалари кўзда тутилган, дея хабар беради Молия вазирлиги Ахборот хизмати.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА