Ҳар бир инсоннинг ҳаётида устоз ва ўқитувчилар алоҳида ўрин тутади. Улар нафақат илм-фан эшикларини очиб беради, балки тарбиячи сифатида комил шахс бўлиб вояга етишишимизда йўлбошчи ҳамдир.
Шу сабабли, жамиятда устоз ва мураббийларга чуқур ҳурмат кўрсатиш, уларнинг заҳматини қадрлаш азалдан муқаддас бурч ҳисобланади.
1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги барча корхона ва ташкилотларда ташкил этилган тантанали тадбирлар ҳам шундай эзгу қадриятлар билан ҳамоҳангдир.
Жамият томонидан уюштирилган байрам тадбирида мазкур ташкилот бошқаруви раиси Баҳодир Сиддиқов сўзга чиқиб, мамлакатимизда устоз ва мураббийларни эъзозлаш, меҳнат фахрийларини қадрлаш давлат сиёсати даражасида амалга оширилаётганини қайд этди.
Тадбирда айтиб ўтилганидек, соҳада янги конларни ўзлаштириш, йирик нефть ва газ саноати корхоналарини барпо этишда устозларнинг улкан ҳиссаси бор. Уларнинг бой тажрибаси ёш авлод фаолиятида катта мактаб ҳисобланади.
Бугунги кунда барча бошқармалар ва корхоналарда “Устоз-шогирд” анъанаси йўлга қўйилган бўлиб, ҳар бир ёш мутахассисга тажрибали ходимлар бириктирилган. Бу эса кадрлар салоҳиятини ошириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бу каби тадбирлар эса нафақат устоз ва мураббийларнинг меҳнатини улуғлайди, балки уларнинг маънавий қўллаб-қувватланишини ҳам намоён этади.
Тадбир давомида таълим-ишлаб чиқариш ҳамкорлигини ривожлантириш, ёш кадрларнинг малакасини оширишга қаратилган режалар хусусида ҳам фикр юритилди.
Шундан сўнг бир гуруҳ устозлар кўп йиллик самарали меҳнати ва ёш кадрлар тарбиясига қўшган беқиёс ҳиссаси учун махсус эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА