Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ташаббуси билан “Маҳоратли ўқитувчи – миллат таянчи” шиори остида “Устозлар миллий форуми” бўлиб ўтди.
Вилоят маркази ҳамда барча туманлардан келган уч юздан зиёд педагоглар ҳамда тизим ходимлари иштирокидаги тадбирда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Бозоров Янги Ўзбекистоннинг истиқболи ва тараққиёт йўли, таълим соҳаси, эртамиз эгаларининг ҳар жиҳатдан етук, баркамол ва салоҳиятли, замонавий билимларни мукаммал эгаллаган ўғил-қизлар бўлиб камол топишига боғлиқ эканлигини таъкидлади.

Қайд этилганидек, жорий йилда вилоятдаги 50 та таълим муассасаси инвестиция дастурига киритилиб, шундан битта янги ихтисослашган мактаб қуриш, 33 та мактаб реконструкция ва иккита янги боғча қуриш, 14 та давлат мактабгача таълим ташкилотини реконструкция қилиш учун 359 миллиард сўм йўналтирилди.

Қувонарлиси, Президентимиз соврини учун ўтказилган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг республика босқичида Янгиқўрғон туманидаги 10-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари жамоаси ғолибликни қўлга киритиб, жами 850 миллион сўм пул мукофоти ҳамда Буюк Британияга таълим саёҳати имкониятига эга бўлди. Шунингдек, шу йили мактабни тамомлаган битирувчиларнинг 3 минг 512 нафари хорижий ва юртимизнинг нуфузли олий таълим муассасаларига муддатидан аввал ўқишга қабул қилинди.

Форум давомида, Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Аъзамжон Исоқов таълим тизимига қаратилаётган эътибор, педагог касбининг жамият, келажак авлод олдидаги масъулияти, келгусидаги муҳим вазифалар хусусида сўз юритди. Яъни, ўтган ўқув йили сабоқларидан келиб чиққан ҳолда, 2025-2026 йил – “Таълим сифатини ошириш ўқув йили”да фан олимпиадаларида наманганлик ўқувчиларнинг кўрсаткичларини яхшилашга эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.

– Янги Ўзбекистоннинг жадал ривожи, таълим-тарбия тизимидаги ислоҳотларнинг самарадорлигига боғлиқ. Бундан икки йил аввал Президент билан мулоқотда шогирдларимни фан олимпидалари ҳамда олий таълимдаги қамровини оширишга сўз бергандим, – дейди Норин туманидаги 37-мактабнинг кимё фани ўқитувчиси, иккинчи даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби Адолат Исоқова. – Аҳдимни бажариш учун астойдил интилишларим самара берди. Ўқувчиларимдан Азизбек Валижонов Тошкент давлат тиббиёт институтига давлат гранти асосида биринчи ўринда қабул қилинди. Давлат раҳбарига берган таклифим эътиборга олиниб, бугунги кунда олий таълим муассасаларини янги битирган ёш кадр муаллимларни “Устоз-шогирд” анъаналари асосида бириктирилган ҳолда, уларни касбий сертификатлаш тизими ҳам йўлга қўйилди.

Тадбир якунида, таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган, вилоятда таълим тизимини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган, фаол, ташаббускор ва изланувчан ўқитувчилар ва давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.