Хоразмда Урганч шаҳри тажрибаси асосида сунъий интеллект технологияларини давлат бошқаруви ва жамоат хавфсизлиги тизимига жорий этиш масалаларига бағишланган республика ўқув-семинари бўлиб ўтди.
Семинар давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 1-2 май кунлари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқларига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ички ишлар, Рақамли технологиялар вазирликлари, Сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш департаменти, «Узкосмос» агентлиги, Киберхавфсизлик маркази давлат унитар корхонаси, Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази, Тошкент шаҳри, вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Урганч шаҳри ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўқув- семинарлар “Урганч шаҳрида ақлли ва рақамли жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизими” ва “Сунъий интеллектда бошқарилувчи ҳокимлик” лойиҳалари бўйича олиб борилди.
Муҳтарам Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларда рақамли технологиялар, жумладан, сунъий интеллект асосида бошқарув тизимини йўлга қўйиш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, шаҳар инфратузилмасини замонавий ахборот тизимлари билан уйғунлаштириш устувор йўналиш сифатида алоҳида эътироф этилган, – дейди Урганч шаҳар ҳокими Бунёд Раджабов. – Бугунги кунда Урганч шаҳрида «Ақлли шаҳар» концепцияси доирасида маҳаллалар бўйича реал вақт режимида 380 дан ортиқ маълумотлар интеграция қилинган бўлиб, ушбу ахборотлар бошқарув қарорларини тезкор ва асосли қабул қилишга хизмат қилмоқда. Бу эса сунъий интеллектга асосланган бошқарув моделини босқичма-босқич жорий этиш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.
Айни кунларда “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида “Урганч - ақлли шаҳар” тизими ягона ахборот-таҳлил мониторинг маркази ташкил қилинган бўлиб, айни дамда ушбу тизим 90 фоизга рақамлашган. Тизим фаолиятида инсон омили минималлаштирилган.
– “Урганч ақлли шаҳар” тизими 200 дан ортиқ модулни ўз ичига олган, – дейди дастур асосчиси Дилмурод Ражабов. – Шунингдек, тизим “Виалон” ҳамда “Электрон ҳукумат” ташқи тизимларига интеграция қилинди. Бу комплекс тизимда ҳокимлик юритувидаги барча ҳисобот маълумотлари тўлиқ рақамлаштирилган. Сунъий интеллект орқали кўп сонли ходимларнинг ишини қисқа муддатда уларсиз амалга ошириш, мурожаатларни прогноз қилиш, ақлли технологияларни жорий қилиш, муаммоларни олдиндан аниқлаш ва бартараф этиш масалаларида катта ютуқларга эришишни мақсад қилдик. Бу эса ҳокимликдаги ходимларининг кунлик ўртача 2-3 соат вақтини тежаб, бу вақтни халқнинг ичига киришга ҳамда кўпроқ манзилли ишлашга сарфлашини билдиради. Асосий мақсадимиз ҳам мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этибгина қолмасдан, сунъий интеллект орқали ҳолатни эрта аниқлаб, бартараф қилиб, халқимизнинг розилигига эришишдир.
[gallery-26906]
Семинар давомида “Ўзбекистонда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш доирасида амалга ошириладиган ислоҳотлар”, “Сунъий интеллектда бошқарилувчи ҳокимлик”, “AI Kengash” модулининг имкониятлари, “Маҳаллаларда 24/7 рақамли бошқарув – “Маҳалла 24”, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни онлайн назорат – “PROB24” ва ходимларнинг малакасини ошириш бўйича яратилган “e-akademiya” дастурлари институционал механизмлари”, “Урганч шаҳрида сунъий интеллект технологиялари ёрдамида кўча ва жамоат жойларида ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, кенг жамоатчиллик ва инновацион патрулликни йўлга қўйиш, “Урганч шаҳрида ақлли светафор ёрдамида йўл ҳаракатини бошқариш тизими”, “Шаҳарнинг 3D” харитаси имкониятлари ва ҳокимлик билан ҳамкорликдаги лойиҳалар самарадориги”, “Сунъий интеллект технологиялари ва уларни иш жараёнида қўллаш” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Ўтказилган ўқув-семинар иштирокчилар учун нафақат билим ва тажриба алмашиш, балки келгусида амалий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари