Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, миллий марказлар вакиллари, университет профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар ва меҳмонлар иштирок этди.
Байрам тадбирида университет ректори А.Реймов йиғилганларни Наврўз умумхалқ байрами билан олий ўқув юрти жамоаси номидан самимий муборакбод этди. Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов сўзга чиқиб, барча иштирокчилар ва меҳмонларни, кўп миллатли аҳил халқимизнинг гўзал қадриятларини ўзида мужассам этиб, ота-боболаримиздан бебаҳо мерос асраб-авайлаб келаётган Наврўз байрами билан табриклади.
Тадбирда сўзга чиққанлар Президентимиз ташаббуси билан таълим тизимини модернизация қилиш, унинг барча босқичларини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ва халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги, айниқса, олий таълим соҳасига қаратилаётган эътибор, талаба-ёшларга яратилган имкониятларга тўхталди.
Шундан сўнг, “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” шиори остида театрлаштирилган концерт дастури намойиш этилди. Унда университетнинг “Ҳурлиман” халқ ансамбли, Санъатшунослик факультети талабалари, шунингдек, маданият ходимлари томонидан турли миллатларнинг миллий урф-одатлари, анъаналари акс эттирилган саҳна кўринишлари, қўшиқлар, рақслар ижро этилиб, миллатлараро тотувликни тараннум этувчи, шу билан бирга, мумтоз қўшиқлар ижро этилди ва йиғилганларга байрамона кайфият улашди.
[gallery-22715]
Байрам сайиллари доирасида талабалар томонидан яратилган миллий либослар, ҳунармандчилик намуналари, расмлар кўргазмалари, турли миллат вакилларининг урф-одатлари, миллий ўйинлар, спорт мусобақалари байрам иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА