
Гулистон давлат университети нашри “Университет овози” газетаси ташкил топган куннинг 25 йиллиги нишонланди.
Газета 25 йил давомида талаба- ёшларни илм-маърифатга чанқоқлик, юксак қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Газетада фаолият юритган таниқли журналистлар ва ёзувчилар, шу жумладан, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзолари профессор Равшанбек Маҳмудов, шоира Баҳор Холбекова, Ҳасан Абдувоҳидов, Бойжигит Абдуллаев ва Мунаввар Пардаев каби профессионал журналистлар газета савиясининг юқори даражада бўлишини таъминладилар.

Юбилей тадбирида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, университет ректори, техника фанлари доктори, профессор Муҳсин Ҳожиев ва бошқа таниқли журналистлар, ёзувчилар ҳамда профессор-ўқитувчилар газетанинг ижтимоий ҳаётдаги муҳим ўрни ҳақида фикрларини билдиришди. Улар газета фаолиятининг нафақат талаба-ёшлар, балки кенг жамоатчилик учун катта аҳамиятга эга эканини таъкидлашди.
Юбилей тантанаси сўнггида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, халқаро Яссавий мукофоти лауреати Бахтиёр Холхўжаев, университетнинг мусиқа йўналиши профессор-ўқитувчилари ва талабалари ижросида концерт дастури намойиш этилди.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири