Ташрифидан сўнг
Охирги пайтлар Тошкент туманида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари аҳоли фаровонлигини таъминлаш билан бирга, ҳудуд инфратузилмасини янада ривожлантиришга ҳам хизмат қилмоқда. Президентимизнинг 2024 йилдаги Тошкент вилоятига ташрифи доирасида берилган топшириқлар асосида мазкур туманда ҳам барча соҳаларда ўзгаришларга йўл очилди.
Мазкур саъй-ҳаракатлар билан таништириш мақсадида Тошкент тумани ҳокимлиги томонидан ОАВ вакиллари учун Пресс-тур ташкил этилди. Унда жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, аҳолига хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишлардаги натижалар кўрсатилди.

Хусусан, илк манзил ҳудуддаги Қирариқ маҳалласининг ўзагида жойлашган, 1940 йилда қурилган 25-сонли мактабгача таълим муассасаси бўлди. Ҳозир бу жой тадбиркорлар кўмагида янги қиёфа касб этган. Илгариги 140 ўринли боғча эндиликда 500 болага мўлжалланган замонавий муассасага айланди. Янгиланган шароит болалар учун қулай бўлса, шу билан бирга 25 нафар педагог учун иш ўрни ҳам яратилди. Эндиликда Қирариқ, Аҳиллик, Тинчлик ва Қорасарой маҳаллаларида яшовчи оилалар болаларини шу боғчада тарбияланиши учун имкон яратилди.
Журналистлар Қирариқ маҳалласининг 3-секторидаги 9 гектар ер майдонида ташкил этилган боғдорчилик хўжалигида бўлди. “OLTIN-UFQ-GREEN” МЧЖ томонидан ташкил этилган бу боғда йилига 153 тонна экспортбоп узум ва шафтоли етиштириш кўзда тутилган. Ҳар бир дарахт фаол меҳнат, барқарор даромад ва замонавий қишлоқ хўжалигининг амалдаги намунасидир.
– Илгари бу жойларда ҳосилдорлиги кам узумзорлар бўлган, – дейди “OLTIN-UFQ-GREEN” МЧЖ агрономи Бекзод Салимов. – Ўтган даврда самарали иш ташкил қилишимиз туфайли узумнинг янги навлари экилди. Бугунги кунда етиштирилган ҳосилдан кишини дили яйрайди. Бу йил замонавий усулда 7 гектар ер майдонида инвитро усулида шафтоли боғини ҳам барпо қилдик. Йил охиригача яна 9 гектар жойда гилос боғини ташкил қиламиз. Муҳими, давлатимиз томонидан берилаётган имконият ва шароитлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз.

Пресс-тур давомида Ибрат маҳалласида бунёд этилаётган замонавий кўп қаватли турар-жой мажмуаси ҳам кўрсатилди. Бу бино шаҳарсозлик ва архитектурадаги янги нафас дейиш мумкин. Хусусан, 2 минг 231 хонадон, 43 минг квадрат метр майдон, 696 миллиард сўмлик инвестиция – бу нафақат рақамлар, балки минглаб оилалар учун яна бир янги ҳаёт, яна бир янги имкониятдир. Тошкент туманининг ислоҳотлар штаби раҳбари Отабек Ҳакимовнинг таъкидлашича, ўтган даврда ҳудуд бўйича турли ижтимоий объектлар қайта реконструкция қилиниб, янги осмонўпар бинолар қуриляпти.
– Деярли барча соҳаларда ўсиш бор. Масалан, ҳудуд бўйича инвестиция кўрсаткичларининг ўзи 6 карра ошган. Бироқ аҳолининг кўп қисми пойтахтдаги ташкилотларда ишлайди. Эндиликда аҳоли бандлиги таъминлаш ва янги ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга жорий қилинмоқда. Мақсадимиз камбағалликни камайтириш, фуқаролар даромадини оширишдир. Тошкент тумани пойтахт ва қўшни Қозоғистон билан чегарада жойлашган. Шу туфайли тиббиёт туризмини ривожлантириш борасида иш олиб борилмоқда, – дейди Тошкент туманининг ислоҳотлар штаби раҳбари Отабек Ҳакимов.

Пресс-тур давомида журналистлар мазкур туманда қад ростлаётган Тошкент кимё халқаро университетида ҳам бўлди. Унинг қўшидаги янги кампус илм-фаннинг кучини намоён этади. Бу ерда жами 3 минг нафар талабага мўлжалланган бу олийгоҳ, 800 ўқувчига ихтисослашган мактаб, 300 та бола учун боғча – барчаси 316 миллиард сўмлик сармоя эвазига барпо этилмоқда. Шу орқали 700 та иш ўрни яратилади. Бу келажакка инвестиция, таълимга эҳтиром рамзидир.
Умуман олганда, Тошкент туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар бу халқ дардига қулоқ тутиш, фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва сўздан амалга ўтилган ҳаракатлар намунасидир. Инфратузилма, таълим, қишлоқ хўжалиги, турар жой, меҳнат бозори ҳар бир соҳадаги ютуқлар, аввало, инсон манфаатлари йўлида қилинган саъй-ҳаракатлар самарасидир.

А.Мусаев,ЎзА.