Хотира
Ҳар бир инсон ҳаётида унутилмас из қолдирган азиз зотлар бўлади. Улар ҳаётдан ўтса ҳам, қалбимизда тирик, хотираларимизда муҳрланган.
Мен учун отам Илҳом ва акам Санжар Сафаровлар ана шундай тоғларим эди.

Отам 1957 йил 25 апрелда таваллуд топган. Қалами ўткир журналист, ҳақиқатни ёзадиган, қалби одамларга меҳрга тўла инсон эдилар. Падари бузрукворим нафақат оиламиз, балки бутун Бухоро журналистикаси ва маънавий муҳити учун юксак ҳисса қўшган инсон бўлиб камолга етди.Отамнинг ЎзА мухбири бўлиб ишлаб юрган йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қўлидан икки бор совға сифатида авторучка олгани ҳақ сўз ва қалам эгаларига давлат раҳбарининг эътибори ифодаси эди.
Отам учун ҳақиқатни ёритиш – ҳаёт маъноси бўлган. “Шахс жамиятда камол топади, жамият эса шахс орқали юксалади” деган тамойилни ўз ҳаётлари билан намоён қилдилар.
Отам менга доимо ишонч ва илҳом бериб яшадилар. Машинкада мақолаларини териб берган чоғларимда юзларида порлаган шодликни ҳеч қачон унута олмайман. “Сен менинг издошимсан, ҳали катта журналист бўласан”, дер эдилар. Бу сўзлар қанот бўлиб, бутун ҳаётим давомида мени руҳлантириб келмоқда.
Мендан икки ёш катта бўлган акам Санжар Сафаров ҳам ажойиб инсон эдилар. У зеҳнли, ҳалол ва орзулари мўл ёш йигит эди. Бухоро давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетига рўйхатда биринчи бўлиб грант асосида ўқишга қабул қилингани оиламиз учун фахрланадиган воқеа бўлганди. Юрист бўлишни, келажакда халқ хизматида турадиган масъул лавозимларда ишлашни орзу қилардилар.
Афсуски, акам 2003 йилда юрак хуружидан ёшлигу орзулари бағрида вафот этди. Ҳеч қандай сўз, таскин ёки масофа юракдаги оғриғимни енгиллаштира олмас эди. Ҳар ерда уларни қидирардим, орзуларим парчалангандек бўлди.
Акамнинг ортидан отам ҳам бу оғир дардга чидай олмай, икки йил ўтиб абадий сафарга кузатилди. Бир пайтнинг ўзида ота ва аканинг йўқолиши – синглим Лолахон ва онамнинг қалбини жароҳатлади. Аммо биз улар қолдирган меҳр, дуо ва таълим билан тирикмиз. Улар биз учун ҳамиша тирик, ҳамиша севимли.
Хотира ва қадрлаш куни мен учун фақат тарихий сана эмас. У қалбимда доим тирик бўлиб қоладиган икки қаҳрамонни ёдга олиш, уларга дуо йўллаш, қолдирган изларини эъзозлаш кунидир. Уларнинг руҳий мероси мени ҳар куни яшашга, фидокор бўлишга, яхши инсон бўлишга ундайди.
Улар қалбимда ҳамиша бир нур, сеҳрли сўз, бир овоз сифатида яшайди. Мен ҳамиша фахрланаманки, Илҳом Сафаров каби отанинг фарзанди, Санжар Сафаров каби аканинг синглиси бўлиш бахти насиб этган. Ана шу бахт мени яшашга ундайверади.
Нилуфар Сафарова,
Бухоро давлат педагогика институти Тиллар факультети тьютори.
ЎзА