Муносабат
Ренессанс қисқа даврда юксалиш дегани эмас. Бу авлодлар тафаккури, давлат сиёсати ва жамият руҳияти уйғунлашган узлуксиз жараёндир. Бугун Ўзбекистон айнан шундай тарихий босқичда турибди.
Утмишдан мерос бўлган маънавий тажриба замонавий тараққиёт ғоялари билан қўшилиб, янги мазмун касб этмоқда. Бу ҳолатни фақат ички кузатув эмас, балки халқаро экспертлар баҳоси ҳам тасдиқламоқда.
Покистонлик журналист ва ёзувчи Муҳаммад Аббос Хоннинг “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” номли асари ана шу ташқи нигоҳнинг ёрқин намунасидир. Муаллиф ушбу атамани баландпарвоз шиор сифатида эмас, балки бугунги ислоҳотларнинг мазмуни ва йўналишини ифодаловчи аниқ концепция сифатида қўллайди.

Унинг фикрича, Ўзбекистон фақат анъаналарни асраб қолиш билан чекланмай, илм-фан, маърифат ва инновацияга таянган ҳолда янги цивилизацион босқичга қадам қўймоқда.
Асарда муаллиф сўнгги йилларда мамлакатда кечаётган ўзгаришларни изчил таҳлил қилади. Ислоҳотлар фақат иқтисодий ёки сиёсий соҳалар билан чекланиб қолмаётгани, балки жамият тафаккурида ҳам туб бурилиш ясаётгани алоҳида таъкидланади. Очиқлик сиёсати, фуқаролар фаоллигининг ошиши, илм ва таълимга бўлган муносабатнинг янгиланиши Учинчи Ренессанс ғоясининг амалий ифодаси сифатида талқин этилади.
Муҳаммад Аббос Хон Ўзбекистонни ўтмиш мероси ва замонавий инновацияларни уйғунлаштира олган давлат сифатида кўради. Бу ёндашув халқаро жамоатчилик орасида ҳам кенг қўллаб-қувватланаётгани, мамлакатнинг нуфузи ва ишонч даражаси ортиб бораётгани билан тасдиқланмоқда.
Китобда алоҳида эътибор қаратилган йўналишлардан бири Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ва дипломатик фаолиятидир. Муаллиф фикрича, Учинчи Ренессанс ғояси мамлакатнинг фаол, очиқ ва прагматик дипломатиясида яққол намоён бўлмоқда. Аввало, қўшни давлатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлашни устувор этиш бу сиёсатнинг асосий тамойилига айланган.
Бу ёндашув декларатив баёнотлар билан чекланиб қолмаяпти. Чегараларни демаркация қилиш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, транспорт ва логистика йўлакларини кенгайтириш, гуманитар ҳамкорликни кучайтириш каби амалий қадамлар минтақада барқарорлик ва ўзаро боғлиқликни мустаҳкамламоқда.
Сўнгги йилларда халқаро сиёсий луғатга кириб келган “Марказий Осиё руҳи” атамаси мазкур жараёнларнинг мантиқий натижаси сифатида намоён бўлди. Бу тушунча минтақадаги давлатларнинг яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ишонч асосида муаммоларни ҳал этишга қаратилган янги дипломатик маданиятини ифодалайди.
Муаллиф таъкидлаганидек, ушбу “руҳ” мамлакатларни яқинлаштираётган, ҳамжиҳатлик ва биргаликда тараққиёт ғоясини устувор қилаётган муҳим омилга айланди. Ўзбекистон ташқи сиёсатининг марказида турган мазкур тамойиллар минтақанинг узоқ муддатли барқарор ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Асарда Ўзбекистон раҳбарияти илгари сураётган Буюк Ипак йўлини қайта тиклаш ғоясига ҳам кенг ўрин берилган. Муҳаммад Аббос Хон бу ташаббусни рақобат ёки геосиёсий қарама-қаршилик эмас, балки умумий тараққиёт ва фаровонликка қаратилган очиқ халқаро ҳамкорлик платформаси сифатида баҳолайди.
Тарихда Ипак йўли фақат савдо эмас, балки маданий алмашув, дўстлик ва тараққиёт манбаи бўлган. Бугун эса ушбу тарихий тажриба замонавий иқтисодий ва технологик эҳтиёжлар билан уйғунлашиб, Евроосиё маконида ўзаро боғлиқликнинг янги моделини шакллантирмоқда.
Муаллиф асарда рамзий, аммо жуда таъсирли қиёсни келтиради. Келажак девор қурганларники эмас, балки эшикларини очганларникидир дейилади. Унинг фикрича, Ўзбекистон олиб бораётган очиқ, тинчликсевар ва ҳамкорликка асосланган ташқи сиёсат айнан шу универсал ҳақиқатка таянади.
Муҳаммад Аббос Хоннинг асари Ўзбекистонда кечаётган жараёнларга бадиий эмас, балки концептуал ва таҳлилий нигоҳ билан қараш имконини беради.
Асар ўқувчини фақат бир мамлакат тажрибаси билан таништириб қолмай, асримизнинг глобал дунёсида барқарор ривожланишнинг умумий қонуниятлари ҳақида ҳам чуқур мулоҳаза юритишга ундайди. Шу жиҳати билан у нафақат таҳлил, балки фикрлашга чорловчи манба сифатида ҳам аҳамиятлидир.
Гулҳаё БАРНОЕВА,
Барқарор ривожланиш маркази эксперти.
ЎзА