Мутахассислар фикрига кўра, шакар ва туз инсон саломатлигини сақлаш, умр кўриш давомийлигини узайтиришда фойдалидек кўринса-да, меъёридан ортиқ истеъмол қилинганда зарарли. Чунки, ҳар бир нарсанинг меъёри бўлгани каби, ушбу турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳам кунлик белгиланган меъёри бор.
Тузнинг кунлик истеъмол меъёри 5 граммни, шакар маҳсулоти меъёри 15 граммни ташкил этади. Аммо бу меъёрга ҳамма ҳам амал қилавермайди.
Ортиқча туз истеъмол қилиш натижасида организмда суюқликлар тўпланиб, шиш пайдо бўлади. Қолаверса, гипертония яъни қон босими билан боғлиқ инфаркт, инсульт касалликлари, ортиқча истеъмол қилинган шакар маҳсулоти ҳисобига қандли диабет, онкологик касалликлар келиб чиқади, инсон эрта қарийди.

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрининг “Ибратли” ва бошқа маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида шаҳар тиббиёт бирлашмаси Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази ходимлари ҳамда патронаж ҳамширалари инсон саломатлигини асрашга оид тарғибот тадбирларини ўтказмоқда.

Тарғибот тадбирларида туз ва шакар маҳсулотларининг фойда ва зарарлари тўғрисида сўз юритилмоқда. Тадбирлар давомида мутахассислар томонидан 40 дан ошган фуқаролар учун скрининг кўриги ҳам ташкил этилди.

– Бу билан чекланиб қолмаймиз, — дейди Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази бошлиғи Умида Муродова. — Бор эътиборни соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратмоқчимиз. Шу мақсадида ҳафта кунларини ўзига хос номлар билан номлаб, душанба "Стрессга қарши", чоршанба "Тамакига қарши кураш" , пайшанба "Соғлом овқатланиш", жума "Пиёда юриш", шанба "Саломатлик" куни тадбирларини режалаштиряпмиз.
Бу каби тадбирлар нафақат Гулистон шаҳрида, вилоятнинг бошқа ҳудудларидаги кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиникаларда, аҳоли кўп тўпланадиган ҳудудларда мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Маълумот учун, ўтган 2022 йилда Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази ташаббуси билан вилоятдаги 135 та муассаса, 63 та маҳаллада тарғибот тадбирлари ўтказилиб, шакар ва тузнинг фойда ва зарарлари, соғлом овқатланиш талаблари, спорт билан шуғулланиш фойдалари ҳақида маълумотлар берилган, тарқатма материаллар тарқатилган.
Шуҳрат Суяров, ЎзА