
Бугун Аркадағ шаҳрида «Тинчлик ва ишонч йили: болалар учун халқаро фаолиятни ривожлантириш» номли халқаро конференция бўлиб ўтди.
Гурбангули Бердимуҳамедов номидаги хайрия жамғарма тузилганига тўрт йил тўлиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева иштирок этди.
— Огулжаҳон Гурбангулиевна Атабаева хонимнинг таклифларига биноан Туркманистонда ташкил этилган халқаро конференцияда қатнашиш шарафига муяссар бўлдим, — деди Президент ёрдамчиси. — Халқларимизни нафақат қўшничилик, балки асрлар давомида шаклланган қон-қардошлик алоқалари, умумий маданият ва буюк тарих боғлаб туради.
Анжуманда Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркия, Эрон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Беларусь, Ҳиндистон, Грузия, Арманистон, Покистон Ислом Республикаси, Австриядан вакиллар, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг давлат тузилмалари ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари қатнашди.

Тадбирда ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий соғлом ривожланиши, оналар ва болалар саломатлигини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилган.
Бундай эзгу ишлар аждодларимизнинг инсонийлик анъаналаридан куч олади.
— Гурбангули Бердимуҳамедов номидаги хайрия жамғарма фаолияти менда катта таассурот қолдирди — бу болаларга ғамхўрлик, масъулият ва самимий муҳаббатнинг ёрқин намунасидир, — дейди Саида Мирзиёева. — Ишончим комилки, бугунги форум келажак авлодлар манфаати учун ҳамжиҳатликда ишлаш, тажриба алмашиш ва ўзаро самарали алоқалар учун янги имкониятлар очади. Биз ҳамкорликка доим тайёрмиз ва биргаликда фарзандларимиз учун бундан ҳам кўпроқ ишларни қила олишимизга ишончимиз комил. Чунки уларнинг бахти — бизнинг умумий келажагимиздир.
Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.
ЎзА