
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Европа дипломатияси раҳбари Кажа Каллас билан учрашувда мамлакати Европа Иттифоқи билан кўп томонлама мулоқотни кенгайтириш истагида эканини айтди, дея хабар тарқатди ҳукумат расмий нашри “Бетараф Туркманистон”.
Газета ёзишича, давлат раҳбари, хусусан, “Шимол-Жануб” ва “Шарқ-Ғарб” халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, бу Евросиё мамлакатлари савдо-иқтисодий ҳамкорлигини кенгайтиришнинг самарали механизмига айланишига ишонч билдирган.
Пайшанба куни Ашхободда Каллас хоним раислигида Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон вакиллари иштирокида 20-Европа Иттифоқи – Марказий Осиё вазирлари йиғилиши бўлиб ўтди. Анжуман кун тартибидан 3-4 апрель кунлари Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган “ЕИ – МО” биринчи саммитига тайёргарлик, шунингдек бошқа кенг кўламли мавзулар, жумладан Украинадаги можародан тортиб транспорт, рақамли алоқа, энергетика, савдо ва гуманитар ҳамкорлик масалалари ўрин олди.