Хабар берилганидек, Туркияда мухолифат тарафдори бўлган Истанбул ҳокими Акром Имомўғли коррупцияга алоқадор ташкилот билан боғлиқ иш бўйича қўлга олинган.
Ушбу мамлакат Президенти ҳузуридаги Коммуникация бошқармаси бошлиғи Фахреттин Алтун мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди:
— Истанбул Бош прокуратураси олиб борган текширув доирасида шаҳар ҳокимлиги ходимлари ва бошқа гумондорларни ҳибсга олиш қароридан сўнг баъзи доиралар, айниқса мухолиф партия раҳбарлари сиёсий ва мафкуравий сабаб билан терговнинг яхлитлигига путур етказишга ҳаракат қилаётганини кўряпмиз.
Бошланган тергов-суриштирув ишларининг мазмун-моҳияти, тафсилоти билан танишмай туриб берилган сиёсий-мафкуравий баҳолар орасида Президентимизга нисбатан туҳмат ва бўҳтон янграётганига ҳам гувоҳ бўлдик.
Турк миллати номидан ваколатини қўллаётган суд органлари мустақиллигига путур етказиш, шунингдек давлатимиз раҳбарига дахл қилиш, мафкуравий туҳмат уюштиришга қаратилган бундай ҳаракатларга биз доим қаршимиз.
Мустақил суд ҳокимияти томонидан қабул қилинган ҳар қандай қарор жамиятнинг барча қатламлари томонидан ҳурмат қилиниши кераклиги ҳақидаги фикримизни яна бир бор такрорлаймиз ва Коммуникация бошқармаси бу жараёнда дезинформацияга қарши курашни давом эттиради.
Фуқароларимиздан тасдиқланмаган ва шубҳали контентдан эҳтиёт бўлиш орқали ушбу курашни қўллаб-қувватлашлари ҳамда ҳар доимгидек расмий муассасалар ва ҳокимиятлар баёнотига ишонишларини сўраймиз.
Б.Худойбердиев, ЎзА