2025 йил 22 май куни Туркиянинг Анқара шаҳрида Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилотининг I-съезди бўлиб ўтди.
Съездни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилоти президенти Қудратилла Рафиқов олиб борди.
– Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилоти, Туркия қонунчилиги талабларига кўра, юридик шахс сифатида расман давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейинги биринчи съездда иштирок этяпмиз, – деди Қ.Рафиқов ўз сўзида. – Мазкур ташкилотнинг таъсис этилиши жаҳон касаба уюшмалари ҳаракати тарихида катта аҳамиятга эга воқеа бўлди. Албатта, биз эътироф этишимиз лозимки, касаба уюшмалари соҳасидаги бу ҳамкорлигимиз давлатларимиз раҳбарлари саъй-ҳаракатлари билан мамлакатларимиз ўртасида вужудга келган стратегик ҳамжиҳатликнинг амалий ифодаси, десак асло янглишмаган бўламиз.
Туркий давлатлар ташкилоти доирасида амалий ҳамкорлик бўйича самарали натижаларга эришилишида Ўзбекистон Президенти муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуслари ҳам муҳим ўрин тутаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, Ўзбекистон етакчиси илгари сураётган “Туркий давлатлар ўртасида стратегик шериклик, абадий дўстлик ҳамда қардошлик тўғрисида”ги битим халқларимизни янада яқинлаштириш ва кўп қиррали ҳамкорлигимизнинг узоқ муддатли ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Дарҳақиқат, бизни жуда катта тарих, бебаҳо умумий мерос бирлаштириб туради. Биз дунё тамаддунларига, тарих саҳнасидаги оламшумул ўзгаришларга эгалик қилган бир улуғ чинормиз, десак, бу фикримизни ким ҳам инкор эта олади, дейсиз.
Қалбларимиз мудом ғурурга тўладики, дунёда давлат ва империялар қуришда, илм ва тафаккур оламида туркий аждодларимизнинг олдига туша оладиган на бир халқ, на бир миллат бор! Албатта, бу бизнинг кучимиз, ақлу заковатимизни белгилайдиган тарихий фактдир.
Туркий давлатлар ташкилотининг Анқара шаҳрида ўтган аввалги мажлисида қадимий турк давлати асосчиларидан бири Билга Хоқоннинг қуйидаги улуғ даъватини эслаган эдик:
Эй туркий элим, ўзлигингга қайт, ўзингни англа – янада юксалгайсан!
Биз бугун ўша мутафаккир бобомизнинг ниятини амалга оширмоқдамиз. Ва бу йўлда юксалиш одимларимиз ҳам йилдан-йилга ўз салобати билан тобора бўй кўрсатмоқда.
Умуман олганда, туркий дунёнинг барча улуғлари, мутафаккирлари, ойдинлари халқларимиз бирлигини мудом орзу қилиб ўтишган. Хусусан, туркий назм султони Алишер Навоий ижодида бунга жуда кўп мисоллар бор. Озарбайжон шоири ва мутафаккири Низомий Ганжавийни оласизми, қозоқ ёзма адабиётининг асосчиси, маърифатпарвар шоири Абай асарларини ўқийсизми, йигирманчи аср туркий адабиётининг катта устунларидан бири, улуғ қирғиз адиби Чингиз Айтматов асарларини кўрасизми, уларнинг ҳар бирида туркий халқлар анъана ва қадриятларига садоқатни кўрамиз, уларнинг ҳар бирида қалбан шу бетакрор тарихий меросни чуқур зеҳният билан замонга сингдириш истаги барқ уриб туради.
Бундан бир аср муқаддам буюк турк фарзанди, Туркия Республикаси асосчиси ва биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк туркий миллатлар қарамликдаги миллатдошларнинг эркинликка чиқишининг бош шарти маънавий кўприклар орқали амалга ошишини башорат қилгани эсингиздами?
Ҳа, Отатурк жаноблари айтгандек бўляпти ҳам: Биз тил кўприги, иймон кўприги ва тарих кўпригига суяниб олға юрмоқдамиз.
Давр ҳар бир мамлакат олдига бири-биридан ечими мушкул бўлган талабларни рўбарў қилмоқда. Дунёнинг қайсидир бурчагида бўлиб ўтаётган қуролли низолар бошқа бир минтақада яшайдиган мамлакатларга ҳам бевосита ва ҳеч бўлмаганда, билвосита ўз таъсирини кўрсатаётганига гувоҳмиз.
Шу маънода ўша низолар ва қуролли тўқнашувларни эмас, ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик, эзгу мақсадлар йўлида бирлашиш иштиёқи ва нияти бизга муборак бўлсин!
Съездда ташкилотга аъзо беш давлат – Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбайжондан 40 нафар делегат иштирок этди.
Тадбирда фахрий меҳмон сифатида Туркий давлатлар Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим ҳам қатнашди.
Съездда ташкилот Уставига ўзгартишлар киритиш, Ижроия қўмитага ваколатлар бериш, ташкилотнинг раҳбар органларини сайлаш каби муҳим масалалар кўриб чиқилди.
Туркия қонунчилигига мувофиқ яширин овоз бериш орқали ўтказилган сайлов натижаларига кўра, Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилотининг фахрий президенти этиб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, ташкилот президентлигига “TÜRK-İŞ” Туркия касаба уюшмалари Конфедерацияси раҳбари Эргун Аталай сайланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясидан Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилоти Ижроия қўмитаси Тафтиш комиссияси раислигига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев, шунингдек, Ижроия қўмита аъзолиги захирасига Федерация Малака ошириш институти ректори Эркин Умарахунов, Бош котиб ўринбосарлиги захирасига Санатор-курортлар бош бошқармаси бошлиғи Анвар Аҳмедов ҳамда Тафтиш комиссияси аъзолиги захирасига Федерация раисининг ўринбосари Анвар Абдумухторовлар сайланишди.
Съездда Эргун Аталай, Саҳиб Мамедов, Сатибалди Даулеталин, Муродил Жумадилде уулу ва Бинали Йилдирим сўзга чиқиб, туркий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, умумий қадриятлар ва стратегик мақсадлар, ижтимоий-иқтисодий меҳнат ҳуқуқларини таъминлашни кенгайтириш борасида ўз фикрларини билдиришди.
Шу билан Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилотининг I-съезди ўз ишини якунлади.
А.Суюнов тайёрлади, ЎзА