
Андижон вилояти туризм бошқармаси ҳамда Қирғизистон Республикаси Ўш областидаги қатор телерадиокомпаниялар ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Андижон вилояти ҳокимлигида туризмни ривожлантириш, мазкур йўналишда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ҳар икки қўшни вилоятнинг туризм салоҳияти ва имкониятларини тарғиб этиш мақсадида учрашув ўтказилди. Унда Андижон вилояти туризм бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Шамсуддинов, Андижон вилояти телерадиокомпанияси раҳбари Абдулҳамид Нурматов, “Ош Пирим Медиа” телерадиокомпанияси ижрочи директори Таирбек уулу Бегали, “Ынтымак” телерадиокомпанияси директори Муратбек уулу Эрмек, “Т Медиа” телерадиокомпанияси директор ўринбосари Канникей Баракова иштирок этди.
Самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда меҳмонларга Андижон вилоятининг туристик имкониятлари, мавжуд йўналишлар, сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар, шунингдек, халқимиз тарихи, маданиятини акс эттирувчи маданий мерос объектлари, муқаддас зиёратгоҳлар, кўнгилочар масканлар ҳақида маълумотлар берилди.
– Икки қўшни мамлакатнинг туризм йўналишидаги ҳамкорлик имкониятлари жуда кенг, – дейди Андижон вилояти туризм бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Шамсуддинов. – Ана шу имкониятларни ишга солиш, улардан унумли фойдаланиш ҳар икки давлат ва аҳолиси учун фақат фойда келтиради. Қолаверса, юртдошларимизда Қирғизистондаги туристик объектларга бориш, қўшниларимизда эса юртимиздаги қадимий обидаларни зиёрат қилиш иштиёқ юқори. Ана шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида туризм борасидаги ҳамкорлик янада юқори босқичга кўтарилади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда ўзбекистонлик сайёҳларнинг Қирғизистонга, қирғизистонлик сайёҳларнинг мамлакатимизга ташрифи бир неча баробар ортди. Масалан, биргина тиббиёт туризми орқали ўтган 2024 йилда 7 минг нафардан зиёд хорижлик фуқаро Андижон вилоятидаги сиҳатгоҳ ва тиббиёт муассасаларида дам олиб, даволанган бўлса, уларнинг аксариятини Қирғизистон фуқаролари ташкил этди.
Ана шундан келиб чиқиб, Андижон вилояти туризм бошқармаси раҳбари Қирғизистонда Тиббий туризм масканини ташкил этиш бўйича таклиф билдирди. Яъни марказда Қирғизистон фуқароларига Андижон вилоятидаги барча сиҳатгоҳ ва даволаш муассасаларининг йўналиш ҳамда имкониятлари, шарт-шароитлари, улар ҳақидаги маълумотлар етказиб турилиши кўзда тутилган.
[gallery-22785]
Учрашувда Қирғизистон телерадиокомпанияларида Андижон вилояти, умуман, Ўзбекистон Республикасидаги қирғизистонлик сайёҳларни жалб этадиган туристик объектлар, зиёратгоҳлар ҳақида кўрсатувлар, тарғибот лавҳалари бериб борилиши бўйича келишиб олинди.
Якунда вилоят туризм бошқармаси ва Қирғизистон Республикасининг юқоридаги телерадиокомпаниялари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.