
Қарор ва ижро
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан жойларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари ижроси, ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги амалий ишларнинг ҳолати мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда.
Жумладан, ҳаракатнинг Наманган ҳудудий бўлинмаси мамлакатимиз раҳбарининг 2021 йил 19 июндаги “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоятда кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, бошқарув органларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш ҳамда кўп қаватли уйларнинг умумий мол-мулкини сақлаш, ундан самарали фойдаланиш ва уни таъмирлаш, уларга туташ ер участкасини ободонлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолатини Наманган шаҳри, Янгиқўрғон, Давлатобод, Тўрақўрғон, Давлатобод ва Янги Наманган туманлари мисолида яқиндан ўрганди.
Бугунги кунда Янгиқўрғон туманидаги 1084 хонадондан иборат 57 та кўп қаватли уй-жойга Президент қарори билан тасдиқланган “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар” дастурига асосан ўтказилган ҳудудий танлов натижалари бўйича “Янгиқўрғон обод уй коммунал” бошқарув сервис компанияси бириктирилган.

Мониторинг давомида бошқарув сервис компанияси томонидан йил давомида амалга оширган ишлар юзасидан мулкдорларга ҳисоботларни тақдим этиб келаётганлиги аниқланди. Мажбурий бадал ва тўловларни йиғиш “Менинг уйим” биллинг тизими орқали амалга оширилади. Узлуксиз фаолият кўрсатувчи диспетчерлик ва авария хизматлари (махсус техникалар) билан шаклланган.
– Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларида бириктирилган назоратчилардан ва мулкдорларнинг мурожаатларига кўра, уйларнинг том қисмларида жорий таъмирлаш ва кириш йўлакларига бетон қопламалар ётқизилган. Қолаверса, бошқарув ташкилоти томонидан доимий равишда уйларга хизмат кўрсатиш бўйича профилактик ишлари олиб борилади, – дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Наманган ҳудудий бўлинмаси раҳбари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Наргиза Муҳаммадиева. – Ушбу кўпқаватли уйларда аввал фаолият юритган ширкатлар томонидан банклардан кредит маблағлари олинган бўлиб, ушбу қарз бошқарув сервис компаниясига автоматик равишда ўтган ва ҳозирда кредитлар ёпилмасдан музлатиб қўйилган.
“Юксалиш” ҳаракатининг мониторинг ишлари Наманган шаҳрида давом эттирилди. Вилоят марказидаги “Чорсу” даҳасида жойлашган 18 кўпқаватли уйда 118 хонадон мавжуд. Уларга танлов асосида “Ғишт кўприк даҳаси” ва “Чорсу уйлари” бошқарув сервис компаниялари хизмат кўрсатиб келмоқда.

Бошқарув сервис компаниясининг мулкдорлар билан алоқалари 24/7 соатли диспетчерлик хизмати ва ҳудуднинг махсус телеграмм канали орқали йўлга қўйган. Мулкдорларга узлуксиз фаолият кўрсатувчи диспетчерлик ва авария хизматлари ташкил этилган. 2024/2025 куз-қиш мавсуми чора-тадбирлар режасига асосан учта кўпқаватли уйларнинг том қисмлари таъмирланган. Ўрганишда маълум бўлишича, компания томонидан ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларига кредит маблағлари ажратилмаган ва лойиҳалар амалга оширилмаган.
“Чорсу уйлари” бошқарув сервис компанияси ҳудуддаги 20 кўпқаватли уйларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Уйлардаги хонадонлар сони 520 тани ташкил этади. Президент қарорига асосан кўпқаватли уйларда амалга оширилиши белгиланган мукаммал ва жорий таъмирлаш учун маблағлар ажратилмаган.
2023 йилдан буён мулкдорларга хизмат кўрсатиб келаётган мазкур бошқарув сервис компаниясида сантехник, электрик, дурадгор, пайвандчи мутахассислар ва кунлик ободонлаштириш ишлари билан шуғулланувчи ходимлар мавжуд. Мажбурий бадаллар ва тўловлар қийматини белгилашда мулкдорлар ўртасида йиғилишлар ўтказилиб, хонадон эгалари билан келишиб олинган. Бошқарув сервис компанияси томонидан тўловларни амалга оширишни истамаётган хонадон эгаларининг ташкилотларга огоҳлантириш алоқа хатлари юборилган, лекин натижа бўлмаган. Компанияда узлуксиз фаолият кўрсатувчи диспетчерлик ва авария вазиятларини бартараф этувчи хизматлар ташкил этилган.

Наманган шаҳридаги Илғор, Бўстон, Хақиқат, Бобуршоҳ, Қадамжо, Лола ва Шарқ тонги маҳаллари тасарруфидаги 52 кўпқаватли уй жойлашган бўлиб, улардаги хонадонлар сони 1 минг 500 тани ташкил этади. Ўтказилган ҳудудий танлов натижаларига кўра, “Универсал комфорт сити” бошқарув сервис компаниясига 44 та ва “Аҳил қўшнилар” бошқарув компаниясига саккизта кўпқаватли уй бириктирилган. Уйларда мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари мажбурий бадал ва бошқарув ташкилоти маблағи ҳисобидан амалга ошириб келинмоқда.
Мониторингда аниқланишича, 2023 йилдан буён фаолият юритиб келаётган “Универсал комфорт сити” бошқарув сервиз компаниясининг штат жадвалига кўра, сантехник, электрик, пайвандчи, дурадгор, лифтёр мутахассислари мавжуд. Мажбурий бадал ва тўловларни йиғиш “Менинг уйим” биллинг тизими орқали амалга оширилади. Лекин ҳудудда фаолият юритувчи бошқа бошқарув сервиз компаниясининг мажбурий бадал ва тўловлар нархларидаги тафовутлар мавжуд. Боиси шундаки, мулкдорларнинг деярли ярми умуман тўловларни амалга оширмайди.
Давлатобод тумани ҳудудида жами 509 кўпқаватли уйдаги 24 минг 466 хонадонга 12 бошқарув сервис компанияси ва битта ширкат хизмат кўрсатади. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига биноан тажриба-синов тариқасида очиқ танлов ўтказиш йўли билан бошқарув сервис компаниясига бириктириладиган Мустақиллик, Навбаҳор ва Тўқувчи маҳаллалари танлаб олинган. Уларга танлов асосида “Фаёзбек Нигина”, “Мустақиллик”, “Ёрқин дунё”, “Навбаҳор обод диёр” ширкати бириктирилган. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ширкат томонидан кўп қаватли уй-жойларда аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш асносида ўтган куз-қиш мавсумида кўп квартираларни таъмирлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Янги Наманган туманида давом эттирилган мониторинг жараёнларидан маълум бўлишича, Оромгоҳ маҳалласи ҳудудида 35 кўп қаватли уй мавжуд. 5 минг 444 хонадондан иборат мазкур уйларга “Оромгоҳ равнақи” бошқарув сервис компанияси бириктирилган. Кўпқаватли уйларда амалга оширилиши белгиланган мукаммал ва жорий таъмирлашни амалга ошириш хонадон эгаларининг мажбурий бадали ва бошқарув сервис компаниясининг ўз маблағидан қопланмоқда.
Тўрақўрғон тумани ҳудудида мавжуд 75 кўпқаватли уйларда хонадонлар сони 1 минг 675 тани ташкил этади. Уларга “Тўрақўрғон” бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатиб келади.
Кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли сервис компаниясининг узлуксиз 24/7 соат режимидаги диспетчерлик хизматига алоқа телефони ва ҳудудда ташкил этилган телеграмм канали орқали боғланиши мумкин. Совуқ кунларни беталафот ўтказиш мақсадида тўртта кўпқаватли уйнинг том қисмлари мукаммал таъмирланди, 13 та уйнинг кириш йўлакларига темир эшиклар ўрнатилди, бешта уйнинг кириш қисмидаги фромуга ойналари янгиланди.
Мониторинг якунлари бўйича ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари, бошқарув сервис компаниялари мутасаддиларига кўпқаватли уйларни узоқ йиллар сақлаб туриш ва уларни сифатли таъмирлаш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида бир қатор тавсиявий таклифлар берилди.
Масалан, истак билдирган тадбиркорлик субъектлари томонидан бошқарув сервис компанияларига бинолар қурилишида давлат хусусий шерикчилик асосида рухсат бериш лозим. Бошқарув сервис компаниясига кўпқаватли уйларни сақлаш ва таъмирлаш, ободонлаштириш ишларига режалаштирилган лойиҳаларга тижорат банкларидан имтиёзли кредитлар ажратиш мақсадга мувофиқ.
Қолаверса, тўловларни ўз вақтида амалга оширмаган мулкдорларга белгиланган тартибда чора-тадбирларни қўллаш уларнинг хонадон соҳиблари сифатида мажбуриятларини англашга катта туртки беради.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири