Мамлакатимизда замонавий технологияларни жорий этиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мўл-кўллигини таъминлаш ва соҳанинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Дарҳақиқат, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда юқори иқтисодий самарадорликка эришиш ва деҳқончилик маданиятини ошириш учун агротехник тадбирларни ўз вақтида кечиктирмасдан амалга ошириш, ўсимликларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишда илмий жиҳатдан ўрганилган тажрибаларга таянган ҳолда иш юритиш бугунги кун талабидир.

Қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олишда тупроқ таркибини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда республикадаги барча экин майдонларининг тупроқларини агрокимёвий таҳлилдан ўтказиб, уларга тегишли хулосалар бериш билан шуғулланувчи Қорақалпоғистон Республикаси агрокимёвий таҳлил маркази томонидан самарали ишлар олиб борилмоқда. Ана шу марказ фаолияти билан таништириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан пресс-тур ташкил этилди.
Тадбирда иштирокчилар ердан самарали фойдаланиш, тупроқнинг агрокимёвий таҳлилини ўтказиш, минерал ва органик ўғитларни илмий асосланган ҳолда қўллаш, шунингдек, ўсимликлар, мева ва сабзавотларни турли зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Пресс-турда таъкидланганидек, ўз вақтида агротехник тадбирларни ўтказиш, томорқалардан самарали фойдаланиш, уларнинг агрокимёвий таҳлилини ўтказиш, ўсимлик зараркунандалари ва касалликларидан ҳимоя қилиш, илмий асосда эътироф этилган ўғитларни фақатгина тажрибали мутахассис билан маслаҳатлашган ҳолда қўллаш мўл ҳосил олишга замин яратади.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 15 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигини ташкил этиш тўғрисида” ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги тизимидаги айрим ташкилотлар тузилмаларини тасдиқлаш тўғрисида” ги қарорлари асосида Қорақалпоғистон Республикаси агрокимёвий таҳлил маркази ташкил этилди.
Марказ қишлоқ хўжалиги экин майдонлари тупроқлари унумдорлигини ошириш мақсадида шартнома асосида агрокимёвий таҳлилдан ўтказиш ва шу асосда ердан фойдаланувчиларга илмий асосланган тавсиялар кўрсатилган агрокимёвий картограммалар ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалигига етказиб бериладиган барча турдаги минерал ўғитлар сифатининг тегишли давлат стандартларига мослигини таҳлил қилиб, хулоса беради. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида қўлланиладиган ўғитларнинг давлат стандарти талабларига мувофиқлигини аниқлаш, шунингдек, тупроқларнинг зарарли пестицидлар, радионуклидлар ва оғир металл қолдиқлари билан ифлосланиши бўйича мониторинг юритиш тадбирларини ҳам амалга оширади.

Қорақалпоғистон Республикаси Агрокимёвий таҳлил маркази Оролбўйи ҳудудида тупроқнинг агрокимёвий таҳлилини амалга оширувчи ягона корхона ҳисобланади. Марказ Германия, Россия ва Ҳиндистон давлатларида ишлаб чиқарилган замонавий лаборатория ускуна ва жиҳозлари билан таъминланган. Мутахассислар билим ва малакасини ошириш бўйича Тошкент шаҳрида махсус ташкил этилган курслардан ўтган. Таъкидлаш жоизки, марказ 2023 йил 4 октябрда "Ўзбекистон аккредитация маркази" ДУК техник жиҳатдан тажрибаси маъқулланганлигини тасдиқловчи МЛ.1211-сонли гувоҳномани Ўзбекистон Республикасида биринчилардан бўлиб олди.
Тупроқ агрокимёвий таҳлилини ўтказиш учун 389 та ердан фойдаланувчилар билан 31 минг 206,7 гектарга шартнома тузилди. Ушбу шартномалар асосида 22 минг 591,1 гектар ер майдонларидан тупроқ намуналари олинди ҳамда таҳлилдан ўтказилди. Таҳлил натижаларига асосан, 28 минг 658,1 гектар ер майдонларининг агрокимёвий картограммалари ишлаб чиқилди. Шу билан бир қаторда, 2025 йил 6 ой давомида "Ўзагролаб" платформасига картограммалар киритилди. Минерал ўғитларни таҳлилдан ўтказиш учун 5 та шартнома тузилиб, 68 та намуна агрокимёвий таҳлилдан ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 6 та тумандаги 11 та овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 4 минг 375 томорқа ер эгаларининг 262,5 гектар ер майдонининг агрокимёвий хулосалари ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2 минг 268 фермер хўжалигининг 905,4 гектар дала чети ҳамда 820 та коллектор-дренаж атрофидаги 98,6 гектар майдон тупроқлари агрокимёвий таҳлилдан ўтказилиб, хулосалар берилди.
Тадбир иштирокчилари Агрокимёвий таҳлил маркази лабораториялари фаолияти билан танишди ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири