
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 июлдаги қарори билан тасдиқланган «Автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш жойларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ, транспорт воситаларини сақлаш (тўхташ) учун тўлов ундириш махсус рухсатнома (лицензия) асосида амалга оширилади.
Электрозаряд станциялари ҳудудида тўхташ учун тўлов ундириш фақат операторда тегишли рухсатнома мавжуд бўлган тақдирдагина қонуний ҳисобланади.
Агар ушбу хизмат кўрсатувчи субъект махсус рухсатномага эга бўлмаса, тўловларнинг ундирилиши қонунга зид деб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни 12-моддасига кўра, истеъмолчилар ўзларига тақдим этилаётган товар ва хизматларнинг санитария-гигиена, хавфсизлик талабларига мувофиқ бўлишига ҳамда ўз ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит ва мол-мулки учун хавфсиз бўлишига кафолат берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.
Агар электрозаряд станцияси ёки автотураргоҳ жойида транспорт воситасини тўхтатганингиз учун ноқонуний тарзда тўлов талаб қилинса, Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг 1159 қисқа рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.
Н.Раҳмонова, ЎзА