Биласизми, XXI асрда транспорт фақатгина жисмоний инфратузилма бўлмай қолади, рельслар, асфальт ва терминаллар ортида рақамли платформалар, алгоритмлар ва ахборот алоқалари турибди. Юк оқимларининг самарадорлиги, савдонинг барқарорлиги ва пировардида бутун минтақаларнинг рақобатбардошлиги ушбу алоқаларнинг тезлиги ва шаффофлигига боғлиқ.
Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари учун – транспортнинг рақамли трансформацияси нафақат технологик тренд, балки интеграциянинг стратегик йўналишига айланди. Бугунги кунда бу жараён амалий даражага кўтарилмоқда.
Глобал миқёсда логистика соҳасини рақамлаштириш улкан фойда келтиради. Жаҳон банки маълумотларига кўра, у божхона расмийлаштируви вақтини 50 фоизга қисқартириши ва етказиб бериш занжирлари самарадорлигини 15 – 20 фоизга ошириши мумкин.
McKinsey Global Institute 2024 йилги ҳисоботида транспортда рақамли технологиялардан олинадиган қўшилган қиймат миллионлаб иш ўринларини яратишини таъкидлаган ҳолда йилига 2,5 триллион долларга баҳоланган.
"e-Permit", "e-TIR", "ягона дарча" тизимлари ва "Digital Trade Corridor" каби воситалар аллақачон харажатларни 20–30 фоизга камайтирмоқда ва Евросиё макони мамлакатлари учун янги имкониятлар очиб, транзитни тезлаштирмоқда.
ТДТда рақамлаштириш йўли 2019 йилда Ўзбекистон ташкилотга қўшилиши билан бошланган ва минтақавий ҳамкорликда янги саҳифа очган.
Аслида транспорт соҳасига рақамли воситаларни кенг миқёсда жорий этиш мақсадида 2012 йилдан бошлаб Ўзбекистонда халқаро юк ташиш тизимини рақамлаштириш бўйича тизимли, босқичма-босқич ишлар олиб борилмоқда.
Дастлаб, 2022 йил 28 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ТДТ транспорт вазирларининг 6-йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Туркия Транспорт ва инфратузилма вазирлиги ўртасида рухсатнома бланкаларини электрон алмашиш (e-Permit) тизими ишга туширилди.
Шу билан бирга, 2022 йил декабрь ойида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида халқаро юк ташувлари тўғрисидаги конвенциянинг 11-иловасига мувофиқ e-TIR тизимидан фойдаланган ҳолда дунёдаги биринчи ташув амалга оширилди.
2024 йилда Қозоғистон ва жорий йилдан бошлаб Озарбайжон билан "e-Permit" технологиясини тўлиқ жорий этишга эришилди.
Мамлакат ичкарисида рақамли экотизим ҳам жадал суръатлар билан ривожланмоқда.
Транспорт соҳасида бугунги кунда 30 дан ортиқ ахборот тизимлари ва платформалари ишлаб чиқилган. Хусусан, "Ягона интерактив давлат хизматлари портали" ва "Электрон лицензиялаш тизими" орқали соҳадаги 10 дан ортиқ давлат хизматлари тўлиқ электрон шаклда кўрсатилмоқда.
Бундан ташқари, Республикамиз орқали транзит ўтаётган хавфли тоифадаги юкларни ташишга рухсатнома бланкаларини электрон расмийлаштириш ва бериш бўйича "Хавфли юк" ахборот тизими ишга туширилди.
Мамлакатимизга парвозларни амалга оширишда хорижий авиакомпанияларнинг парвозлар жадвалини электрон тарзда келишишни назарда тутувчи "Р шакли" ахборот тизими ишлаб чиқилди.
Жамоат транспорти автобусларида йўловчи ташиш сифатини ошириш, автобуслар ҳаракатини реал вақт режимида мониторинг қилиш, ташувчилар фаолиятида "босиб ўтилган масофа" ва "сифат" мезонлари устуворлигини таъминлаш, автобусларда жамоат хавфсизлигини ошириш мақсадида "Автоматлаштирилган диспетчерлик тизими" жорий этилди.
Бундан ташқари, республиканинг марказий шаҳарларида жамоат транспортида йўл ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилди.
Бундан ташқари, барча транспорт турларига чипталарни масофадан туриб харид қилиш учун "uzairways.com", "e-ticket.railways.uz" ва "avtoticket.uz" платформалари мавжуд.
Умуман олганда, ТДТ мамлакатларида транспортни рақамлаштириш аллақачон экспериментал босқичдан тўлиқ экотизимни шакллантириш босқичига ўтди.
Электрон юк хатлардан тортиб "ақлли портлар"гача – буларнинг барчаси нафақат технологик инновациялар, балки минтақанинг янги иқтисодий боғлиқлигининг пойдеворидир. Агар бир пайтлар туркий давлатлар карвон йўлларини боғлаган бўлса, энди уларни келажакнинг рақамли йўналишлари боғламоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА