Трамп Ким Чен Ин билан учрашиши мумкин
Америка етакчиси Дональд Трамп икки Корея орасидаги қуролсизланган манзилда КХДР раҳбари билан учрашиши мумкин, дея хабар тарқатди “Nikkei Asia” нашри.
– Баъзилар АҚШ Президенти Корея демилитаризация ҳудудига ташрифи чоғида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан эҳтимолий учрашув юз беришини тахмин қилмоқда, – деб ёзган нашр. – Трамп Осиёнинг уч давлати – Малайзия, Япония ва Жанубий Кореяга боради. Куала-Лумпурда Трамп Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан учрашиб, бошқа масалалар қатори Россия нефтини сотиб олиш билан боғлиқ масалани ҳам муҳокама қилиши кутиляпти. Токиода ҳукуматнинг янги сайланган бошлиғи билан, Жанубий Кореяда эса Осиё ва Тинч океани минтақаси давлатлари иқтисодий саммити доирасида ХХР раҳбари Си Цзиньпин билан мулоқот қилишни режалаштирилган. Нашр ёзишича, Хитой томони бу учрашувни ҳали тасдиқламаган.
Аввалроқ Трамп БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаб, 31 октябрь-1 ноябрь кунлари Кёнжу шаҳрида бўлиб ўтадиган анжуманда қатнашиш учун Корея Республикасига сафар уюштириб, Шимолий Корея раҳбари билан шахсий алоқаларни қайта тиклашга уриниш эҳтимоли ҳақидаги миш-миш асносида тинчликпарварлик саъй-ҳаракати маъқулланишини алоҳида таъкидлаган. Хусусан, Ким билан учрашиб, аввалги президентлик давридаги уч ўзаро учрашувда ўрнатилган шахсий дипломатияни давом эттиришга умид билдирган.
Ўз навбатида Ким Чен Ин ҳам аввалроқ Трамп билан мулоқотга тайёрлиги, фақат учрашувга Вашингтон КХДРни ядросизлантириш талабидан воз кечиши шарти билан рози бўлишини айтган. Шунингдек, у амалдаги Америка Президенти ўзида “яхши хотира” қолдирганини ҳам қўшимча қилган.
С.Раҳимов, ЎзА