Кеча АҚШ Президенти Дональд Трамп Оқ уйда Суриянинг муваққат Президенти Аҳмад Аш-Шараъ билан учрашди. Араб давлати ҳукумати ахборот вазири Ҳамза Мустафо ижтимоий тармоқ орқали Дамашқ Қўшма Штатлар бошчилигидаги халқаро коалицияга қўшилгани ва шу орқали “терроризмга қарши кураш ҳамда минтақавий барқарорликни қўллаб-қувватлашдаги ўрнини мустаҳкамлагани”ни маълум қилди.
Мулозим таъкидлашича, мазкур келишув фақат “сиёсий тусга эга бўлиб, ҳарбий жиҳатни кўзда тутмайди”. Суриянинг мазкур уюшмага қўшилиши олдиндан кутилган ва бу қадам Аш-Шараънинг Вашингтонга ташрифи билан боғланяпти.
2014 йил “Ислом давлати” террорчилар гуруҳи Сурия ва қўшни Ироқнинг салмоқли ҳудудини эгаллаб олган эди. Ҳозирга келиб, бу гуруҳ ҳарбий жиҳатдан мағлуб этилган, деб ҳисобланади. Бинобарин, тахминларга кўра, ҳануз 2500 га яқин жангчи Ироқ ва Сурияда яшириниб, қўпорувчилик ишларини амалга оширмоқда.
Илгари Абу Муҳаммад Ал-Жўлоний номи билан танилган, Башар Асадни ағдарган Аҳмад Аш-Шараъ 2003 йил Ироқдаги “Ал-Қоида” сафидан АҚШ бошчилигидаги аксил террор коалицияга қарши курашган. 2006 йил Америка ҳарбийлари томонидан қўлга олинган ва 5 йил Ироқ қамоқхонасида ўтирган. 2011 йил озод этилгач, жиддий мақсад кўзлаган янги гуруҳ тузди.
2025 йил 10 ноябр куни “FoxNews” телеканали эфирида Аш-Шараъ “Ал-Қоида” билан ҳамкорлиги “ўтмишда қолгани”, Трамп билан учрашувда айни масала муҳокама қилинмаслигини айтди.
Учрашувдан сўнг Америка етакчиси ҳамсуҳбатини “кучли лидер” дея таърифлаб, Аш-Шараъ Сурияни муваффақиятли давлатга айлантира олишига ишонч билдирган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/D_2d7PmsNyU" title="Tramp Ash-Shara’ni Oq uyda qabul qildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА