Наврўз умумхалқ байрами арафасида Нукус шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан “Тоза шаҳар” акцияси бошланди.
Юртимиз бўйлаб давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Янги Ўзбекистон – янги экомакон” шиори асосида ўтказилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирларида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг меҳнат жамоаси ва талаба-ёшларидан иборат уч мингга яқин киши фаол иштирок этмоқда.
Акция иштирокчилари шаҳарнинг “Бойтерак”, “Гоне қалъа”, “Чимбой гузари”, “Яшил боғ”, “Кўк ўзак”, “Ота макон”, “Омонлик гузари”, “Тошлоқ”, “Телемарказ”, “Ақжағис”, “Наўпир”, “Саманбай”, “Анасай”, “Қўшбулоқ”, “Якка терак”, “Жуазши” каби маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида атроф-муҳитни чиқинди ва бегона ўтлардан тозалаш, ариқ-зовурлар ёқаларини, экин майдонларини кўчат экишга тайёрлаш, дарахтлар тагини оқлаш каби ишларни олиб бормоқда.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан акция иштирокчилари бўлган ёшлар учун катта қозонларда таомлар тайёрланди, ҳудуд аҳолиси ҳам экологик тадбирига ўз ҳиссаларини қўшмоқда.
“Тоза шаҳар” акцияси эртага ҳам давом этади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири