Термиз шаҳрида Сурхондарё вилоят “Тоза ҳудуд” давлат муассасасига Самарқанд автомобиль заводидан олиб келинган 12 та маиший чиқинди ташийдиган махсус транспорт воситалари тантанали топширилди.
Ўзбекистон Республикаси конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги нишонланаётган кунда бўлиб ўтган тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов маросим иштирокчиларини байрам билан табриклаб, ишларига омад тилади. Мамлакатимизда Янгиланган бош қомусимизда белгиланган норма ва моддалар асосида инсон қадрини улуғлашга қаратилаётган эътибор ҳақида сўз юритди. Кейинги йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, атмосфера ҳавосини яхшилаш, яшил маконларни кенгайтириб, теварак-атрофни ободонлаштириш, маҳалла ва кўча-куйда тозаликни сақлаш, иқлим ўзгаришларига мослашиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар қайд этилди.


Айни пайтда бу борада жанубдаги воҳада ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, вилоятдаги маҳаллалар ҳудудида ободликни таъминлаб, маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетиш учун иккита корхона санитар хизмат кўрсатмоқда. Вилоятда мавжуд 723 маҳалланинг тоғли ва чекка ҳудудлардаги 141 тасига санитар хизмати кўрсатилмайди. “Тоза ҳудуд” давлат муассасаси ишчи-хизматчилари вилоятдаги еттита туманнинг 324 маҳалласини қамраб олган. Замонавий 12 та махсус техника яна 33 та маҳаллани қамраб, 36 та янги иш ўрни яратади. Хизмат кўрсатиш қамраб олинган маҳаллалар ҳозирги 74 фоиздан 86 фоизга етади. Жарқўрғон ва Шўрчи туманларига хизмат кўрсатиш 56 фоиздан 100 фоизга етказилади.


Тадбирда вилоят “Тоза ҳудуд” давлат муассасасининг Денов, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Шеробод ва Шўрчи туманлари бўлимлари янги, замонавий маиший чиқинди ташийдиган махсус транспорт воситаларини қабул қилиб олди.


Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири