Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида камолга етган Шокир Тоғаев Тошкент шаҳрилик Ноила Жўраева билан турмуш қургач, ўзларини дунёдаги энг бахтиёр жуфтлик сифатида ҳис этиб, яшади. 14 йил муқаддам қиз фарзандли ҳам бўлишди.
Бироқ, кундалик ҳаётдаги айрим муаммолар ўзаро низоларга сабаб бўлиб, бахтли турмушга соя солди. 2019 йил эр-хотин ажрашишга аҳд қилди. Шокир Тоғаев ишлаш учун хорижга чиқиб кетди. Суд қарори билан қизалоқнинг таъминоти отанинг зиммасига юкланди.
Алимент тўлови иши Мажбурий ижро бюроси Термиз туман бўлими иш юритувига олингач, Шокир Тоғаевга нисбатан қидирув эълон қилинди. Топиш учун чет элга халқаро сўров юборилди.
Халқаро қидирув орқали топилган алиментчи отага олти йиллик aлимент қарздорлиги 78 миллион сўмдан ошгани тушунтирилиб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилаётганида Шокир Тоғаев бу қилмиши нотўғри бўлганини англади. Фарзандининг моддий таъминоти учун aлимент қарздорлигини тўлиқ тўлаб берди. Шунингдек, ўтган йилларда жигарбанди ва собиқ турмуш ўртоғини оғир вазиятда қолдирганидан пушаймон эканини айтиб, бундан буён алимент тўловларини ўз вақтида тўлаб боришга сўз берди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА