Соғлиқни сақлаш вазири эшитувида депутатлар соҳада эришилаётган ютуқлар билан бирга, айрим камчиликлар кузатилаётганини қайд этиб, бир қатор саволларни ўртага ташлади. Жумладан, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган электрон рецепт тизими бўйича ҳам саволлар кўтарилди.
Вазир электрон рецепт тизимини жорий этишнинг аҳамияти ҳақида тўхталар экан қуйидагиларни таъкидлади:
— 2025 йилда Тошкент шаҳрида 741 та ҳолатда дори воситаларини мақсадсиз, врачнинг тавсиясисиз қабул қилиш оқибатида тез тиббий ёрдамга 24 мингдан ортиқ мурожаат бўлган. Шундан 418 та ҳолатда анафилактик шок, 7 минг 17 та ҳолатда доридан заҳарланиш кузатилган. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига қилинган 2,5 мингта мурожаатнинг 1,5 мингтаси ўз жонига суиқасд қилиш ҳолати билан боғлиқ. Яъни, тартибсизлик оқибатида ана шундай ҳолатлар бўляпти.

Электрон рецепт тизимининг аҳамияти шундаки, шифохоналарда рецептли дори ёзилгани, ким ёзгани, қанчага сотилгани умумий базада кўриниб туради. Бюджетдан ажратилган текин дори воситаларини ҳам беморларга ёзиб бериш ҳолатлари бартараф этилади. Дорилар рекламаси камаяди.
Агар дорихона ёки шифохонага борган вақтда электр таъминотида узилиш бўлса, антибиотик ва гормонал дори воситаларидан бошқа дориларни шифокор ёзиб берган қоғоз орқали олиш мумкин. Лекин шунда ҳам электр таъминоти тикланганидан сўнг уни электрон тизимга киритиб қўйиш керак, — деди А.Худоёров.
Шунингдек, вазир хусусий тиббиёт муассасалари DMED тизимини ўзларининг ахборот тизими билан интеграция қилиши кераклигини айтиб ўтди.
Хусусий тиббиёт муассасаларининг молиявий фаолиятига аралашилмаслиги, фақатгина вазирликнинг битта талаби DMED тизимига уланиши лозимлиги, шунингдек, хусусий тиббиёт муассасаларига DMED тизимини интеграция қилиб бериш учун ҳеч қандай тўлов талаб қилинмаслиги, ортиқча бюрократик тўсиқлар бўлмаслигини таъкидлади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА