Ҳозиргина Тошкентда VIII Марказий Осиё экспертлар форуми (МОЭФ) ўз ишини бошлади. “Марказий Осиё – ишонч, хавфсизлик ва барқарор ривожланишнинг умумий макони” деб номланган бу галги нуфузли анжуманЎзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМTИ) томонидан ташкил этилди.
Тадбир ҳамкорлари – Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Конрад Аденауэр номли жамғарма.
Анъанага кўра, пойтахтимизда Марказий Осиё давлатлари стратегик институтлари, илмий-тадқиқот марказлари ва академик доиралари раҳбарлари ҳамда мутахассислари қатори минтақашунослик бўйича тажриба алмашиш мақсадида биринчи марта Европа Иттифоқи, АСEАН, Шимолий кенгаш мамлакатларидан таниқли экспертлар, шунингдек Россия Федерацияси, АҚШ, Буюк Британия, Швейцария, Озарбайжон тадқиқотчилари ҳам тўпланган.
[gallery-24799]
Одатдагидек, форумни СМТИ директори Элдор Арипов очиб берди. У қутлов сўзида дастлаб минтақамизда бугунги кунда юз бераётган ижобий жараёнларга қисқача тўхталиб, Марказий Осиё давлатлари ўзаро яқинлашиш ва жипслашиш йўлида каттагина йўлни босиб ўтганини таъкидлади.
Унинг фикрича, бугунги кунда минтақамизда давлатлараро ҳамкорликнинг барқарорлик, хавфсизлик ва изчил тараққиётни таъминлаш имконини берадиган, ҳар жиҳатдан мувозанатли ва шу билан бир вақтда ўзига хос ноёб модели шаклланган. Бошқача айтганда, ҳозирги глобал эврилишлар даврида Марказий Осиё ўзини дунё тажрибасида самарадор минтақавий шерикликнинг жуда кам учрайдиган, муваффақиятли намунаси сифатида намоён қилмоқда.
Форум тафсилотини ЎзА саҳифаларида кузатиб боринг.
Ғайрат Хонназаров,
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА