Тошкент вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси томонидан Қуйи Чирчиқ туманида барпо этилаётган кўп қаватли тураржой биноларида навбатдаги мониторинг тадбирлари ўтказилди.
Ўрганиш жараёнида айрим объектларнинг пойдевор қисмида бир қатор жиддий техник хатоликларга йўл қўйилгани аниқланди. Хусусан, бино мустаҳкамлигини таъминловчи арматура каркасларини тўқиш ишлари тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мутлақо зид равишда олиб борилаётгани, қурилиш майдонида фойдаланилаётган металл маҳсулотларнинг сифатсизлиги маълум бўлди. Ушбу ҳолатлар юзасидан объектдаги масъулларга тегишли тартибда ёзма кўрсатмалар берилиб, ишларни ўз вақтида сифатли бажариш зарурлиги таъкидланди.

***
Наврўз умумхалқ байрами арафасида Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги Навбаҳор маҳалласида янги футбол майдонининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда туман ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла нуронийлари ва ёш спортчилар иштирок этди. Сўзга чиққанлар ушбу спорт маскани ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Мазкур иншоот “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 1,5 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилди. Лойиҳа асосида 80х40 ўлчамдаги замонавий сунъий қопламали футбол майдони ҳамда югуриш йўлаклари қурилди.
Яратилган ушбу шароитлар маҳаллада истиқомат қилаётган 1 минг 200 нафардан ортиқ ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши, бўш вақтларини мазмунли ва фойдали ўтказиши учун кенг имкониятлар яратди.


***
Тошкент вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси Бўстонлиқ туман бўлими инспекторлари томонидан навбатдаги рейд тадбири ўтказилди.
Унда масъуллар "Новобод" МФЙ ҳудудида жойлашган "Марварид" дам олиш маскани атрофида 4 туп грек ёнғоғи, 1 туп ўрик дарахти таг қисмидан кесилгани ва 8 туп грек ёнғоғини ўсишдан тўхтамаган даражада шикастлантирганлик ҳолати аниқланди.


Ҳуқуқбузарлик натижасида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги тегишли қарорига кўра, табиатга 490 миллион 980 минг 400 сўм миқдорида зарар етказилгани ҳисоб-китоб қилинди. Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар туман прокуратурасига юборилди.
А. Мусаев, ЎзА