Чирчиқ Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида спортнинг дзюдо тури бўйича ўсмирлар ўртасида “Янги Ўзбекистон – Олимпия чўққилари” спорт мусобақалари доирасида “Тошкент вилояти ҳокими кубоги” мусобақаси ташкил этилди.
Мусобақанинг очилишида вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Рустам Бобоқулов иштирок этиб, ёш спортчиларга ўз тилакларини билдирди. Беллашувларда барча туман ва шаҳарлардан келган ёш дзюдочилар ўзаро куч синашиб, юқори рақобат ва спортга хос ҳалоллик руҳида баҳс олиб борди.
Якунда ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланиб, энг иқтидорли иштирокчилар кейинги босқич мусобақаларига йўлланма олди.


***
Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Навоий” чегара божхона постида дори воситаларини ноқонуний олиб киришга уриниш билан боғлиқ бир қатор ҳолатлар аниқланди. Хусусан, “Навоий” чегара божхона постига кириб келган йўловчининг ҳаракатлари шубҳа уйғотгани сабабли у махсус рентген қурилмаси орқали божхона назоратидан ўтказилди.
Текширув натижасида фуқаронинг қорин қисмига яшириб олинган, оғзаки сўровда маълум қилинмаган ҳамда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган жами 166 дона дори воситалари аниқланди. Мазкур дори воситалари бошқа давлатдан қайта сотиш мақсадида олиб келинаётгани маълум бўлди.

Яна бир ҳолатда, мазкур постга кириб келган фуқаронинг танасига бекитилган, декларацияда акс эттирилмаган 260 дона “Остеогенон” номли дори воситалари аниқланди. Ушбу дори воситалари ҳам қайта сотиш мақсадида олиб келинаётгани маълум бўлди. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари олиб борилмоқда.
***
Чирчиқ шаҳрида “Саломатлик марафони”га старт берилди. Унинг доирасида шаҳар бўйича скрининг ва профилактик кўриклар ташкил этилиб, аҳолига соғлом турмуш тарзи бўйича тушунтиришлар берилмоқда.
Жумладан, 45 ёшдан катта аёллар ўртасида кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш мақсадида махсус текширувлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, 5 та оилавий поликлиникада аҳоли оммавий скрининглардан ўтказилиб, сурункали касаллиги аниқланган фуқаролар малакали мутахассисларга йўналтирилмоқда.
Мазкур марафон аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларнинг барвақт олдини олиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган.

А.Мусаев, ЎзА.