Тошкент вилоятида тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ аҳоли билан учрашувлар ташкил этилмоқда. Хусусан, Юқори Чирчиқ туманидаги маҳалла еттилиги аъзолари билан учрашувда Президентимизнинг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида қарорда белгиланган вазифалар, хусусан маҳаллаларда жиноятчиликни олдини олиш, профилактика ишларини самарали ташкил этиш, ёшлар ва аёллар билан ишлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш каби масалалар муҳокама қилинди. Мавжуд муаммолар ўрганилиб, аҳолига қулайлик яратиш борасида фикр алмашилди.

***
“Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор профилактик тадбирлари доирасида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан Янгийўл туманида 1999 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги автотранспорт воситаси тўхтатилиб, ҳужжатлари текширилди.
Натижада ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилгани, шунингдек, транспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, транспорт воситасидан оқ-қизил рангли, кучли таъсирли психотроп моддага ўхшаш 16 дона капсула кўринишидаги дори воситалар борлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, фуқаро ва ашёвий далиллар ички ишлар бўлимига топширилди. Жойларда бу каби назорат тадбирлари давом этмоқда.

***
Зангиота туманида “Оилавий муносабатларни мустаҳкамлашда диний қадриятларнинг ўрни ва исломда аёлларга муносабат” мавзусида маърифий семинар-тренинг ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Н.Нормирзаева, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессори Н.Юсупова, масъул мутахассислар иштирок этиб, мавзу юзасидан атрофлича маърузалар ва семинар-тренинглар ўтказди.
Тадбирга туман тарғибот гуруҳи аъзолари, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари, “Оқила аёллар” ҳаракати вакиллари, отинойилар, шунингдек, маҳаллаларда истиқомат қилувчи ижтимоий кўмакка муҳтож аёллар жалб этилди. Мулоқотда оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, жамиятда аёлларнинг ўрнини юксалтириш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга эътибор қаратилди.

А.Мусаев, ЎзА.