Паркент туманида “Бирга меҳр улашамиз” шиори остидаги хайрия тадбири бўлиб ўтди. Ўзбекистон Миллий Иқтисодий Ҳамкорлик уюшмаси ташаббуси билан “Чотқол” маданият саройида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ва қатор ҳамкор ташкилотлар кўмагида ташкил этилган хайрия тадбирида боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган, “Камбағаллик реестри”га киритилган оилалар фарзандларига қувонч улашди.
Шу билан бирга, уларнинг дам олишини мазмунли ташкил этишга эътибор қаратилди. Тадбир доирасида болалар учун маданий дастурлар, интерфаол ўйинлар, байрамона кўнгилочар томошалар уюштирилди.

***
Мажбурий ижро бюросининг Тошкент тумани бўлими иш юритувида суднинг ҳал қилув қарори асосида қарздор “M-SM-TRADE” корхонасидан ундирувчи Алоқа банк фойдасига 13,5 миллиард сўм кредит қарздорлиги ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд.
Бўлим давлат ижрочилари томонидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари жараёнида қарздорга тегишли бўлган нотурар кўчмас мулк хатланиб, реализация қилиш чоралари кўрилаётган жараёнда қарздор томонидан жами кредит қарздорлик тўлиқ қопланди. Тушган маблағ банк фойдасига ўтказилиб, ижро иши амалда тамомланди.

***
Бугунги кунда одам савдоси, ноқонуний миграция ва мажбурий меҳнат каби таҳдидларга қарши курашиш борасида давлат томонидан амалий чоралар кўрилмоқда. Хусусан, “Истиқболли Авлод” ижтимоий-ахборот маркази ҳамда Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан контрабандага қарши курашиш мақсадида “Навоий” чегара божхона постида тарғибот тадбири ташкил этилди. Чегара орқали ҳаракатланаётган йўловчилар билан суҳбатлар ўтказилиб, одам савдоси ва мажбурий меҳнатнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди. Тадбир доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва нодавлат ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, келгусидаги чора-тадбирлар режаси муҳокама қилинди.

А.Мусаев, ЎзА.