
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Нурафшон шаҳри ҳудудидаги 1 гектар ер майдонида “Депутатлар боғи” ташкил этилди.
Унда Тошкент вилояти сенаторлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда сиёсий партиялар фаоллари иштирокида каштан, қайрағоч, оққайин, писарда каби 200 дан зиёд манзарали кўчатлар экилди.
Бундан ташқари, мазкур анъана ҳудудларда ҳам давом этиб, халқ вакиллари жойларда ўтказилаётган кўкаламзорлаштириш тадбирларида фаол иштирок этмоқда. Улар ташаббуси билан маҳаллаларда, боғча ва мактабларда ҳашарлар ташкил қилиниб, мевали ва манзарали кўчатлар экилмоқда.

***
Пискент тумани спорт мактабида спортнинг гандбол тури бўйича U14 кичик ўсмирлар ва қизлар ўртасида Тошкент вилояти кубоги мусобақалари бўлиб ўтди. Унда барча шаҳар-туман спорт мактабларидан спортчилар иштирок этиб, ўз маҳоратини синовдан ўтказди.
Мусобақаларда қизлар жамоалари орасида биринчи ўринни Ўрта Чирчиқ тумани ёшлари эгаллади. Иккинчи ўринни Оҳангарон тумани спорт мактаби, учинчи ўринни эса Қибрай тумани спорт мактаби жамоалари қўлга киритди.
Шунингдек, ўсмирлар ўртасида Пискент тумани жамоаси барча рақибларини мағлуб этди. Иккинчи ўтинга Оққўрғон тумани, учинчи ўринга эса Оҳангарон туман спорт мактаблари жамоалари лойиқ кўрилди.
Мусобақа ғолиблари Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.


***
Маълумки, жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишнинг амалдаги тартиблари белгиланган. Унга кўра, жисмоний шахслар мамлакатимизга алкоголь маҳсулотлари, жумладан, пивони 2 литргача божсиз олиб кириши мумкин. Бироқ, айрим фуқаролар томонидан уларга риоя қилмасдан, белгиланган меъёрдан ортиқ алкоголь маҳсулотларини олиб киришга бўлган уринишлар учрамоқда.
Хусусан, юртимизга ўтиш учун “Навоий” чегара божхона постига фуқаро бошқарувида кириб келган енгил автотранспорт воситаси божхона кўригидан ўтказилганида, автоуловнинг салон қисмидаги юклар орасида, божхона назоратидан яширилган 305 литр алкоголь маҳсулотлари фош этилди. Мазкур товарларнинг умумий қиймати экспертиза хулосасига кўра 150 миллион сўмни ташкил қилмоқда.

Ҳозирда ҳолатлар юзасидан суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА