Сўнгги вақтларда пойтахтимиз Тошкент шаҳри дунё бўйича атмосфера ҳавоси энг ифлос шаҳарлар бешталигидан тез-тез ўрин эгаллаб қолмоқда. Бунга бир қатор омиллар сабаб бўляпти, албатта.
Бугунги кунда Тошкент шаҳрида жами 5 минг 58 та корхона фаолият олиб бормоқда. 1- ва 2-тоифадаги 338 та саноат корхонасининг 171 тасида чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилиши белгиланган бўлиб, ҳозирда 133 тасида ўрнатилган. Мавжуд 233 та иссиқхонанинг эса 155 тасида ана шундай ускуна ўрнатилиши белгиланган. Ҳозирда 25 та иссиқхонада чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилган бўлиб, 99 та иссиқхона ўз ихтиёри билан фаолиятини тўхтатган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, унга мослашиш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш масалалари бўйича комиссияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамкорлигида ўтказилган йиғилишда айтиб ўтилди.
Унда “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг ижро этилиши ҳолатини Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилояти мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунлари депутатлар, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги масъул ходимлари ва тегишли мутасаддилар иштирокида қизғин муҳокама қилинди.
[gallery-26138]
Қайд этилганидек, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг ифлосланиш даражасини камайтириш, аҳолининг қулай муҳитда яшаш ҳуқуқини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун атмосфера ҳавосининг табиий таркибини сақлаш, унинг ифлосланишининг олдини олиш, зарарли моддалар чиқарилишини камайтириш, давлат органлари, корхоналар ва фуқароларнинг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солади.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришларга кўра, қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланган.
Йиғилишда таъкидланганидек, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун талабларидан келиб чиқиб, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги мажбуриятларга риоя этилиши ҳолати юзасидан давлат экологик назорати тадбирлари ўтказилган. Ишлаб чиқариш корхонасининг манбаларидан атмосфера ҳавосини таҳлил этувчи асбоб-ускуналар ёрдамида ўлчов ишлари олиб борилган.
Шунингдек, атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатганлик учун саноат ишлаб чиқариш корхоналари томонидан компенсация тўловлари амалга оширилган. Атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи бир қатор корхоналарда чанг-газ тозалаш ускуналари модернизация қилинган.
– Ўрганишларимиз давомида Сурхондарё вилоятида жами 127 та саноат объекти мавжуд экани, уларнинг 12 таси 1-тоифа, 115 таси 2-тоифага мансублиги аниқланди, – деди Экофракция аъзоси Бахтиёр Пўлатов. – Аксарият объектларда яшил белбоғлар йўқ. Айримларида чанг-газ тозалаш ускуналари таъмирталаб ҳолатда ёки ишдан чиққан. Жорий йилда республикамиз бўйича жами 347 та автоматик мониторинг станциялари ўрнатилиши белгиланган. Шундан 22 таси Сурхондарё вилоятида ўрнатилиши лозим.
Муҳокамаларда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги масъуллари автоматик мониторинг станциялари вазирлик томонидан марказлашган ҳолда харид қилиниб, 3-4 ой ичида белгиланган нуқталарга ўрнатилишини маълум қилди. Шунингдек, вазирлик томонидан “Тоза ҳаво ойлиги” тадбирлари ўтказилиб, унинг доирасида бир қатор ишлар амалга оширилгани қайд этилди.
Шунингдек, пойтахтдаги кўпгина саноат корхоналарида санитар муҳофаза зоналари – яшил белбоғлар мавжуд эмаслиги айтиб ўтилди. Бунга корхоналар ҳудудининг торлиги, зич жойлашгани сабаб эканлиги айтилди.
Эндиликда корхоналар Янгиҳаёт туманига кўчирилаётгани, бунда яшил белбоғлар ташкил этиш ҳам кўзда тутилаётгани маълум қилинди.
Муҳокамаларда депутатлар томонидан бир қатор саволлар ўртага ташланди ва мутасаддилардан жавоблар олинди.
Атмосфера ҳавосига таъсир кўрсатувчи манбалардан чиқадиган ташланмаларни таҳлил қилувчи автоматик мониторинг станцияларини ўрнатиш ишларини жадаллаштириш, корхоналарга қарашли объектлар теварагида “яшил” санитария муҳофаза зоналарини барпо этиш лозимлиги таъкидланди ва бир қатор таклиф-тавсиялар билдирилди.
Муҳтарама Комилова,
Носир Ҳайдаров (сурат),
ЎзА