
2025 йил 5 - 9 апрель кунлари бўлиб ўтадиган анжуманда Парламентлараро Иттифоққа аъзо бўлган дунёнинг 190 га яқин мамлакатидан парламентлар вакиллари, халқаро ва парламентлараро ташкилотдан 2 мингга яқин делегат иштирок этмоқда.
Эътироф этиш керакки, парламентлар билан боғлиқ бундай кенг кўламли нуфузли анжуман нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё тарихида илк маротаба минтақамизда ўтказилмоқда.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган бу нуфузли анжуман жаҳон ҳамжамияти томонидан Ўзбекистоннинг жаҳон сиёсати марказларидан бири сифатида эътироф этилаётганини ҳам тасдиқлайди.
“Ижтимоий ривожланиш ва адолат учун парламент ҳаракати” мавзусига бағишланадиган тадбирда камбағалликни бартараф этиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий инклюзивликни қўллаб-қувватлаш ва қарор қабул қилиш жараёнида камситилган гуруҳлар иштирокини ошириш каби масалалар муҳокама қилинади.

Тадбир якунида жаҳон парламент ҳаракатининг ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги устувор йўналишларини белгилаб берадиган ҳужжат қабул қилиш режалаштирилган.
Шунингдек, Парламентлараро Иттифоқнинг резолюциялари ва Тошкент декларацияси қабул қилинади.

Нуфузли анжуманда кўриб чиқиладиган масалалар, билдириладиган фикрлар, қабул қилинадиган ҳужжатлар ҳақида батафсил ёритиб борамиз.
Бизни кузатиб боринг!
Норгул Абдураимова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА