Шу кунларда Тошкент давлат аграр университети ўзининг қутлуғ 95 йиллигини кенг нишонламоқда. 10-14 ноябрь кунлари университет бўйлаб маънавий-маърифий, илмий-амалий ҳафталик эълон қилинган. Бугун юбилей сана доирасида “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири билан бошланди.
Учрашувда Ўзбекистон Қаҳрамони А.Эшматов, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директор ўринбосари О.Аманов, “Parkent Plants” МЧЖ раҳбари Ш.Аброров, “Навбаҳор” МФЙ раиси Ж.Раҳмонов ва бошқа таниқли битирувчилар иштирок этди. Тадбирни университети ректор Н.Обломурадов очиб берди.

Битирувчилар университет билан боғлиқ илиқ хотираларини эслаб, талабалар билан очиқ мулоқот қилди. “Ҳар бир талаба бир кўчат эксин ва Ахборот-ресурс марказига биттадан китоб совға қилсин” ташаббуси илгари сурилди. “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси раиси А.Аҳмеджанова университетда яратилган замонавий шароитлар, янги бинолар ва талабаларга бўлган эътибор ҳақида фахр билан сўз юритди.


Тадбирнинг бадиий қисми “Бўстон” ансамбли чиқишлари билан янада байрамона тус олди. Шунингдек, “AgroTech–2025” Республика стартап танлови ҳам ўтказилди. Танлов доирасида ёш инноваторлар томонидан ишлаб чиқилган стартап лойиҳалари, рационализаторлик таклифлари ва замонавий ишланмалар кўргазмаси ташкил этилди.


Унда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, стартап ташаббусларни қўллаб-қувватлашнинг аҳамияти ҳақида фикр алмашди. Муҳими, танлов ёшларнинг илмий-инновацион салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, аграр соҳада илғор технологияларни татбиқ этишга хизмат қилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.