
Пойтахтимизда Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси ўз ишини давом эттирмоқда. Нуфузли анжуманда дунёнинг 190 га яқин мамлакатидан 2 мингга яқин делегат иштирок этмоқда.
Ассамблеяси доирасида Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди.
Тадбирда дунёнинг турли бурчакларидан 200 дан ортиқ парламент аъзолари, етакчилар ва экспертлар иштирок этди. Улар гендер тенглиги, аёлларнинг сиёсий етакчилиги ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ энг муҳим масалаларни муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, форум парламент аёл аъзолари учун глобал миқёсдаги муҳим тадбир бўлиб, гендер тенгликни илгари суриш, сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнида аёлларнинг иштирокини кенгайтириш ва барқарор ривожланишга ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилган.

Форум доирасида 40 йиллик юбилей нишонланиб, 39-сессия президенти этиб Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева сайланди.
Иштирокчилар кун тартибини тасдиқлаб, гендер тенгликни илгари суриш бўйича сўнгги ташаббуслар, жумладан, парламентлар аёл аъзолари бюросининг Женева ва Тошкент сессияларидаги муҳокамалар, Гендер ҳамкорлик гуруҳи фаолияти ҳамда ташаббусларини кўриб чиқди.
– Ўзбекистон дунёнинг тез ривожланаётган мамлакатларидан бири сифатида гендер масаласига устувор аҳамият бермоқда, - деди Танзила Норбоева. – Қисқа муддатда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида оилалар мустаҳкамлиги, аёлларнинг ҳуқуқий ҳимояси ва гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича янги тизим, миллий модель яратилди. Форум формати хотин-қизларга оид минтақа учун хос бўлган долзарб масалаларни биргаликда ҳал қилишнинг самарали механизмига айланди.

Форум 150-ассамблеянинг муҳокама қилинаётган резолюцияларига гендер нуқтаи назаридан таҳлиллар киритди. Иштирокчилар парламентларнинг роли ҳамда қуролли можароларнинг узоқ муддатли таъсирини юмшатиш бўйича парламент стратегияларини муҳокама қилди.
Тадбирда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида аёл депутатлар улуши 38 фоизни ташкил этаётгани эътироф этилди. Бу нафақат Ўзбекистоннинг Осиё минтақасида аёлларнинг парламентдаги вакиллиги бўйича етакчи ўринда эканини кўрсатади, балки сўнгги ўттиз йилда (+32 фоиз пункт) эришилган ютуқларни ҳам акс эттиради.
2004 йилда мамлакатда сиёсий партиялар номзодлари орасида камида 30 фоизи аёллар бўлиши талаб этилган гендер квотаси қабул қилинган эди. Шу вақтдан бери аёлларнинг парламентдаги вакиллиги босқичма-босқич яхшиланиб борди. 2024 йилги сайловларда бу талаб 40 фоизга оширилиб, аёлларнинг иштироки янада кенгайтирилди.

Форумда ушбу масалалар бўйича махсус ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, гендер тенглик нуқтаи назаридан тавсиялар ишлаб чиқилди. Шу билан бирга, “Сиёсатни шакллантирувчи аёллар: аёлларнинг глобал тармоқлари” мавзусида панель муҳокама бўлиб ўтди.
Тадбир якунида ишчи гуруҳларнинг раҳбарлари ҳисоботларини тақдим этди ва гендер тенглик бўйича тавсиялар Парламентлараро Иттифоқнинг тегишли доимий қўмиталарига йўналтирилди.
Форум гендер тенгликни ривожлантириш, аёлларнинг сиёсий етакчилигини мустаҳкамлаш ва инклюзив ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган глобал муҳокамалар учун муҳим майдон бўлди.
Форум иштирокчилари муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнида аёлларнинг фаол иштирокини таъминлаш йўлида янги стратегияларни ишлаб чиқди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/njuOnMgnFSI" title="Parlament ayol aʼzolari forumining 39-sessiyasidamuhim masalalar ilgari surildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Норгул Абдураимова, Рустам Назарматов (сурат), Дониёр Якубов (видео), Улуғбек Тўхтаев (монтаж), ЎзА